Тиббиёт: ўзбекистонлик мутахассислар Жанубий Кореяда замонавий менежмент бўйича малака оширди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ўзбекистонлик мутахассислар Жанубий Кореяда замонавий менежмент бўйича малака оширди. Улар орасида Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев ҳам ўқув дастурини муваффақиятли якунлади.
Хизмат сафари доирасида дунёнинг нуфузли тиббиёт муассасаларидан бири — Пусан миллий университети Янгсан госпиталидаги илғор тажрибалар ўрганилди.
Музокаралар натижасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Жумладан, Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда мазкур госпитал ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Унга мувофиқ, энди бухоролик шифокорлар ва соҳа бошқарувчилари Жанубий Кореяда малака ошириш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, ҳужжатда оғир беморларни даволаш бўйича телемедицина асосида онлайн маслаҳатлар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш, маҳорат дарсларини ташкил этиш, соҳани рақамлаштириш ҳамда робот технологияларини жорий этиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Қайд этиш жоизки, бу каби ҳамкорлик аввалроқ АҚШ, Германия, Туркия, Россия ва Беларусь каби тиббиёти ривожланган давлатлар билан йўлга қўйилган бўлиб, эндиликда Жанубий Корея билан алоқалар янги босқичга олиб чиқилади.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси чет давлатларнинг 11 та нуфузли клиника билан англашув меморандумларини имзолаган. Хусусан, Туркиянинг “Соғлиқ билимлари университети” билан ҳамкорлик доирасида ўтган йили 80 нафарга яқин тор соҳа мутахассислари ва 12 нафар раҳбар Туркияда малака оширган. 2026 йил якунига қадар эса жами 200 нафар раҳбар ва мутахассисларни чет элда ўқитиш режалаштирилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА