Тиббиёт: Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров мамлакатимизда бўлиб турган Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгашининг Бутунхитой қўмитаси раиси ўринбосари, “GX” хайрия жамғармаси раиси Лян Чженин бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь ҳам иштирок этди.
Мулоқот давомида ушбу давлат билан стратегик ва дўстона муносабатлар йилдан йилга ривожланиб бораётгани, айниқса, соғлиқни сақлаш йўналишида бир қанча лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Жумладан, “Бир макон, бир йўл” дастури доирасида юртимизда хитойлик шифокорлар иштирокида мураккаб жарроҳлик амалиётлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Хусусан, сўнгги 5 йилда кўз касалликлари, айниқса, катарактадан азият чекаётган 3 минг нафардан зиёд беморларда жарроҳлик муолажалари бажарилди.

Шунингдек, ўтган йили “GX” хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда шу йўналишдаги иккита акция Фарғона ва Хоразм вилоятларида ўтказилди.
Учрашувда бу каби акцияларни Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳам ўтказиш таклифи билдирилди.
Мулоқот давомида жамғарма томонидан сўнгги авлод мобил офтольмологик жарроҳлик ускунаси туҳфа этилди. Бу эса юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам мураккаб амалиётларни бажариш имконини беради.
Келгусидаги ҳамкорлик тиббий таълим бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли ўртасида кўз касалликларини эрта ташхислаш ва даволаш ишларини жадаллаштириш, ҳашаротлар орқали юқадиган касалликларга қарши курашиш йўналишларида давом этиши айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “GX” жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолашга келишилди.
Меҳмонлар Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент давлат тиббиёт университети фаолияти билан ҳам танишди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА