Тиббиёт: малакали кадрлар – қимматли ресурс
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор йўналишлардан бирига айланди. Бу жараёнда тиббиёт ходимларининг касбий малакасини мунтазам ошириб бориш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, малакали мутахассислар соғлом жамият пойдеворидир.

Санэпидқўмита ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази бу борада муҳим вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Марказ фаолияти, ўқув жараёнлари ва соҳадаги ислоҳотлар ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази директори Ўткир Ёдгоров қуйидагиларни гапириб берди:
— Бугунги глобал ўзгаришлар жараёнида инсон саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бирига айланмоқда. Шу боис, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда, албатта, малака ошириш муҳим ўрин тутади.
Кейинги йилларда тиббиёт ходимларининг билим ва кўникмаларини мунтазам янгилаш, замонавий техника ва ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шунингдек, республика ва жаҳон тиббиётидаги илғор ютуқларни амалиётга жорий этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази республика даражасидаги етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 июлдаги “Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган. “Эпидемиология”, “Гигиена”, “Бактериология”, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигига қўйиладиган гигиеник талаблар”, “Ягона саломатлик ёндашувида дала амалий эпидемиологияси”, “Аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида саломатликка оид хавфлар ҳақида аҳолини хабардор қилиш ва ҳамжамиятларни жалб қилиш”, “Паразитар касалликларнинг лаборатор диагностикаси”, “Санитария-гигиеник лаборатория текшируви” ва “Тиббий энтомология” йўналишлари бўйича тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланади.
Марказда ўрнатилган тартибда тасдиқланган ўқув дастурлари асосида чуқурлаштирилган назарий ва амалий билимлар берилади. Айниқса, касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхис қўйиш ва шошилинч ҳолатларда тезкор қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган замонавий ўқув модуллари жорий этилган. Шунингдек, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. > diyor uza: Бугунги кунда марказ томонидан ўқув жараёнларига сунъий интеллект ва рақамли технологиялар кенг жорий этилмоқда. Бу эса тиббиёт ходимларининг иш фаолиятини рақамлаштириш ва меҳнат самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Малакали кадрларни тайёрлашда тажрибали устозлар томонидан таълим берилиши муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, Марказда ташкил этиладиган малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг тажрибали амалиётчи мутахассислари ҳамда тиббиёт олий таълим ва илмий тадқиқот институтларининг профессор-ўқитувчилари томонидан юқори савияда ўтказилмоқда. Улар тингловчиларга нафақат назарий билимлар, балки амалиётда қўллаш мумкин бўлган кўникма ва малакаларни ҳам шакллантиришга алоҳида эътибор қаратадилар.
Малака ошириш жараёнлари ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинган, малака ошириш иш берувчи томонидан ташкил этилса, харажатлар ташкилот ҳисобидан қопланади. Шу билан бирга, ходимлар ўз ташаббуси билан ҳам малака ошириш курсларида иштирок этишлари мумкин. Замонавий имкониятлар туфайли онлайн таълим орқали ишдан ажралмаган ҳолда билим олиш имконияти ҳам мавжуд.
Марказда “Эпидемиология”, “Гигиена”, “Бактериология”, “Тиббий энтомология”, “Санитария-гигиеник лаборатория текшируви”, “Ўта хавфли инфекциялар бактериологияси”, “Паразитар касалликларнинг лаборатор диагностикаси”, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигига қўйиладиган гигиеник талаблар” каби қатор замонавий йўналишларда курслар ташкил этилган. Шунингдек, ушбу курслар замонавий ўқув дастурлари асосида ташкил этилиб, тингловчиларнинг назарий билимлари билан бир қаторда амалий кўникмаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса мутахассисларнинг ўз соҳасида юқори малакали кадр сифатида шаклланишига хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА