Тиббий хизматлар ривожи иқтисодий ўсиш ва сифат кўрсаткичларида
Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон қадрини устувор қўйган ҳолда барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва кўламини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Миллий статистика қўмитасининг жорий йил январь–август ойлари якунлари бўйича эълон қилган маълумотлари бу борадаги ижобий ўзгаришларнинг яққол амалий натижасидир. Хусусан, ҳисобот даврида мамлакатимизда кўрсатилган тиббий хизматлар ҳажми 16 триллион сўмдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ҳисобда 15,7 фоизга ўсгани соҳага қаратилаётган эътибор ва сармояларнинг самарадорлигидан далолат беради.
Ушбу рақамларнинг таҳлили тиббиёт тизимида хизматлар структураси босқичма-босқич такомиллашиб бораётганини кўрсатади. Жумладан, жами кўрсатилган хизматларнинг 31,1 фоизи шифохона муассасалари улушига тўғри келган бўлса, 13,9 фоизи хусусий ва давлат секторидаги шифокорлик амалиёти ҳамда замонавий стоматология хизматларини ташкил этди. Энг катта улуш — 55,0 фоиз эса бошқа ихтисослаштирилган соғлиқни сақлаш хизматлари ҳиссасига тўғри келиши соҳанинг стационар даволаниш, шу билан бирга, амбулатор, профилактик ва инновацион йўналишларда ҳам жадал ривожланаётганини билдиради.
Ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичлар мамлакатимизда тиббий инфратузилманинг ривожланиш динамикасини яққол намоён этади.
Хусусан, пойтахтимиз Тошкент шаҳри (7,4 трлн. сўм), Тошкент (1,7 трлн. сўм) ва Самарқанд (1,2 трлн. сўм) вилоятлари хизматлар ҳажми бўйича етакчилик қилаётгани йирик тиббий марказларнинг салоҳияти билан изоҳланади. Шу билан бирга, Фарғона, Наманган, Андижон каби аҳоли зич жойлашган водий вилоятлари ҳамда бошқа ҳудудларда ҳам юқори ўсиш суръатлари қайд этилаётгани тиббий хизматларнинг географик жиҳатдан янада яқинлашиб бораётганидан далолат беради.
Аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ортгани, хусусий секторнинг жадал ривожланиши ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг ҳаётга татбиқ этилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда соҳага киритилаётган инвестициялар натижасида жойларда тор соҳа мутахассисларининг хизматлари сифати яхшиланиб, одамларнинг туман ва шаҳар марказларидаги тиббиёт муассасаларига бўлган ишончи сезиларли даражада ошди.
Бундан ташқари, тиббий хизматлар бозорининг кенгайишида рақамлаштириш жараёнларининг ўрни беқиёс. Электрон навбат тизимлари, имтиёзли йўлланмаларнинг рақамли платформаларга ўтказилиши, шунингдек, дори воситаларини маркировка қилиш ва шаффоф таъминот занжирининг яратилиши соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантирди. Бу, ўз навбатида, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошиши ҳамда маблағларнинг манзилли сарфланишига хизмат қилмоқда.
Келгусида ушбу кўрсаткичларни янада яхшилаш, хусусан, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳолига ҳам юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни тўлиқ етказиш асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Тиббиёт хизматлари ҳажмининг барқарор ўсиши нафақат иқтисодий фаолликни, балки жамиятимизда соғлом турмуш тарзи маданиятининг тобора юксалиб бораётганини кўрсатади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА