Тиббий хизмат сифати янада юксалади
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Байрам тадбирида таъкидланганидек, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда “Тиббиёт ходимлари куни” сифатида кенг нишонланади. Дарҳақиқат, экологик қийин шароитда яшаётган аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда тиббиёт ходимларининг хизмати беқиёс. Жаҳон тиббиёти амалиётининг энг сўнгги ютуқлари ҳамда етакчи технологияларни жорий этишга, малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга, замонавий тиббиёт марказларини барпо этишга ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни Оролбўйининг энг чекка ҳудудларида фаолият кўрсатаётган оилавий шифокорлик пунктларидан бошлаб, илмий-амалий марказлар ва қатор тиббиёт муассасалари мисолида ҳам кўриш мумкин.
[gallery-4665]
Давлатимиз раҳбари фармонига кўра, бирламчи бўғинни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш мақсадида келгуси 3 йилда 28 та оилавий шифокорлик пункти ва 3 та оилавий поликлиникани ишга тушириш белгиланган. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида Тошкент шаҳридаги 5 та республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари (эндокринология, нейрохирургия, нефрология ва буйрак трансплантацияси, наркология) филиалларини ташкил этиш ишлари бошланиб, мутахассислар тайёрланмоқда. Шунингдек, Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманлари тиббиёт бирлашмалари таркибида туманлараро политравма ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастури асосида 8 объектга 48,3 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, йил давомида маҳаллий бюджет ва турли жамғармалар, грант маблағлари ҳисобидан жами 44 миллиард 770 миллион сўмлик 1014 дона зарур тиббий асбоб-ускуна олиб келинган.
Байрам муносабати билан бир гуруҳ соҳа ходимларига кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА