Тиббий таълимда халқаро стандартлар ва инновацион стратегик ҳамкорлик
Бугунги глобаллашув даврида тиббиёт ва фармацевтика соҳасини юқори малакали кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш ва маҳаллий фармацевтика саноатини жаҳон бозорига олиб чиқиш йўлида халқаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Фармацевтика техник университети раҳбариятининг Буюк британиялик эксперт Дэвид Шеппард билан ўтказилган онлайн мулоқоти муҳим стратегик аҳамият касб этди.
Мулоқотнинг асосий диққат марказида Ўзбекистонда тиббий ва фармацевтика таълимини халқаро андозалар даражасига кўтариш, соҳага илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш масалалари турди. Таъкидланганидек, тиббий таълим нафақат назарий билим, балки юқори технологияларга асосланган амалий кўникмаларни ҳам талаб этади. Бу борада Британиянинг тиббиёт соҳасидаги кўп асрлик мактаби ва таълим дастурларини маҳаллий тизим билан уйғунлаштириш асосий вазифа этиб белгиланди.
Учрашув давомида академик ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, икки томонлама диплом бериш тизимини йўлга қўйиш ва қўшма ўқув дастурларини ишлаб чиқиш орқали талабаларнинг халқаро меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш мумкинлиги эътироф этилди. Шунингдек, ўқитиш жараёнига инновацион ёндашувларни киритиш, лаборатория тадқиқотларини замонавий методикалар асосида ташкил этиш ва профессор-ўқитувчиларнинг хорижда малака оширишини тизимли йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Буюк Британия каби ривожланган давлатлар билан таълим соҳасидаги яқин ҳамкорлик Ўзбекистон тиббиёти учун янги имкониятлар эшигини очади. Бундай мақсадли мулоқотлар нафақат соҳа мутахассисларини тайёрлаш сифатини яхшилайди, балки юртимизда фармацевтика тармоғининг илмий салоҳиятини оширишга ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини халқаро мезонларга мослаштиришга хизмат қилади.
Мазкур ҳамкорликнинг амалий натижалари келгусида тиббиёт соҳасида кадрлар танқислигини бартараф этиш ва юқори технологик даволаш усулларини кенг ёйишда ўз ифодасини топади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА