Тиббий суғурта: гематологик ва онкогематологик беморларни дорилар билан таъминлаш ҳолати муҳокама қилинди
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, оғир, сурункали ва ирсий касалликлар билан оғриган беморларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, кам учрайдиган орфан, ирсий, сурункали гематологик ва онкогематологик касалликларни даволаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, гематология хизмати ҳолати яхшиланиб, касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш тизими такомиллашди.
Аммо шу билан бирга, гематологик, онкогематологик ва бошқа даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга эрта ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, ушбу касалликлар профилактикасини замонавий усуллар асосида такомиллаштириш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни эрта аниқлаш ва олдини олиш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Тиббий суғурта тизимида гематологик ва онкогематологик беморларни дори воситалари билан таъминлаш ҳолати: муаммо ва ечимлар” мавзусида қўмита эшитуви ўтказилди.
Йиғилишда ушбу соҳада амалга оширилаётган амалий ишлар эътироф этилиб, мавжуд муаммолар чуқур таҳлил қилинди. Аҳоли орасида гематологик ва онкогематологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ҳолатлари улушини ошириш, гематологик хасталикларга чалинганларни ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан қамраб олиш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, гематологик ва онкогематологик беморларни дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, миллий клиник протокол ва стандартларга мувофиқ амалиётни тўлиқ жорий этиш, давлат тиббий суғуртаси тизими доирасида касаллик асоратларининг олдини олиш мақсадида амбулатор ва уй шароитида даволанишни молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тиббий суғурта тизимини такомиллаштириш орқали гематологик ва онкогематологик беморларнинг ҳаёт сифати ва даволаниш самарадорлиги сезиларли даражада ошиши алоҳида таъкидланди.
Эшитув давомида депутатлар томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида ўтказилган ўрганишларда аниқланган масалалардан келиб чиқиб, махсус дори воситаларини марказлаштирилган тарзда ўз вақтида харид қилиш, беморларни амбулатор ва уй шароитида даволашни давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар пакети доирасида амалга ошириш, профилактик даволаш механизмларини кучайтириш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА