Тиббий диагностика маркази аҳоли хизматида
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида Фарғона шаҳрида замонавий "Meridian diagnostic hospital" хусусий тиббий диагностика маркази иш бошлади.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда тиббий хизмат сифатини ошириш борасидаги ишларнинг самарасини ҳудудларда ҳам яққол сезиш мумкин. Тиббиёт соҳасида хусусий сектор жадал ривожланмоқда, бу эса аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш имконини бермоқда.
Фарғона вилоятида хусусий тиббиёт муассасалари сони 650 тага етди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилининг ўтган даврида 70 дан ортиқ хусусий тиббиёт масканлари фойдаланишга топширилди.
Вилоят марказида фойдаланишга топширилган "Meridian diagnostic hospital" тиббиёт маскани Германиядан келтирилган замонавий аппаратлар билан жиҳозланган. Аҳолига амбулатор шароитда кўп тармоқли тиббий маслаҳат-диагностика хизматлари кўрсатади. 70 нафар тиббиёт ходими фаолият олиб борувчи ушбу хусусий муассасани барпо этиш ва зарур тиббиёт аппаратуралари билан жиҳозлаш учун 3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди. Бунда тадбиркорнинг ўз маблағлари билан бирга хорижий банк кредити жалб этилди.
[gallery-3537]
Диагностика марказининг иккинчи босқичида радиология ва мураккаб ангеография амалиётларини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Жорий йил якунига қадар амалга оширилиши кўзда тутилган ушбу лойиҳа учун қўшимча 4 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади.
Марказнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА