Тезкор-қидирув ва тергов фаолияти такомиллашади
Наманган вилоятининг Наманган туманида Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва ижросига бағишланган семинар ўтказилди.
Судьялар, тергов тизими ходимлари, аҳоли вакиллари иштирок этган мазкур семинарни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов бошқарди. Анжуманда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг фармони билан 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши, шу мақсадда, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилгани айтиб ўтилди.


Таъкидланганидек, бундай ислоҳотлардан кўзланган мақсад, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришишдан иборат.

Фикр-мулоҳазалар ҳамда савол-жавобларга бой тарзда ўтган семинарда янги ташкил этилаётган тергов судьялари фаолияти билан боғлиқ саволларга жавоб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.