“Технопарк”да очиқ эшиклар куни
Андижон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфидаги Ёшлар технопаркида очиқ эшиклар куни ўтказилди.
Ёшларнинг таҳлилий фикрлаши, уларни илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён қилишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган тадбирда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси мутасаддилари, мактаб директорлари иштирок этди.
Тадбирда Андижон ёшлар технопарки сингари илғор, инновацион муассасалар мамлакатимиз тараққиёти, ёшлар камолоти, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
[gallery-3872]
Умуман, Андижонда IT соҳасини ривожлантириш, мазкур йўналишда ёш, малакали кадрлар тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, вилоятнинг туман ва шаҳарларида “Рақамли технологиялар ўқув марказлари” ташкил этилганлиги, шунингдек, барча туман ва шаҳарларда вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда 16 та “Digital-School” ташкил этилганлиги айтиб ўтилди.
Андижон ёшлар технопарки директори А.Якубов иштирокчиларга вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда келгусида мазкур йўналишда бажарилиши режалаштирилган ишлар хусусида маълумот берди, шунингдек, иштирокчилар технопаркда яратилган шароитлар билан танишди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Д.Турдиев вилоят халқ таълими бошқармаси тизимида фаолият олиб бораётган мутахассис ўқитувчилар билан IT соҳасини ривожлантириш, илм-фан бўйича ўзаро тажриба ва ахборотлар алмашиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.
Ҳамкорликда соҳага оид илмий-амалий мавзуларда учрашув, давра суҳбатлари ҳамда илмий анжуманлар ташкил этиш, иқтидорли ёшлар томонидан таклиф этилган долзарб йўналишлар бўйича инновацион лойиҳаларни саралаш, уларни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинадиган грант танловларига йўналтириш бўйича тизимли ишлар олиб боришга, Андижон ёшлар технопарки ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишиб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА