Терсакда туризм мавсуми тўхтамайди
27 сентябрь — Бутунжаҳон туризм куни
Самарқанд вилоятининг Ургут тумани тоғли ҳудудлари табиати, мусаффо ҳавоси ва ўзига хос манзаралари билан сайёҳларни ўзига жалб этиб келада. Айниқса, “Тахтиқорача” довони ёқасида, тоғлар бағрида жойлашган Терсак қишлоғи кейинги йилларда туризм йўналишидаги имкониятлари билан эътибор қаратмоқда.
Терсакка 2021 йилда “Туризм қишлоғи” мақоми берилган. Шундан сўнг ҳудудда туристик инфратузилмани ривожлантириш, меҳмон уйларини ташкил этиш, хонадонларда сайёҳларни қабул қилиш ва уларга миллий урф-одатлар ҳамда анъаналар билан танишиш имкониятини яратиш бўйича ишлар олиб борилди.
[gallery-31567]
2025 йил май ойида қишлоққа “Туризм қишлоғи” мақоми сертификати расман топширилди. Айни пайтда ҳудудда 35 та меҳмон уйи фаолият юритмоқда. Тоғ ва экотуризм, қишлоқ туризми, гастрономик туризм йўналишларини ривожлантириш, хонадонларда миллий таомларни тайёрлаш ва сайёҳларга тақдим этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Терсакнинг ўзига хос жиҳатларидан бири — бу ерда туризмни фақат бир мавсум билан чеклаб қўймасликка эътибор қаратилаётганидир.
— Туризм қишлоғи фақат ёз фаслида дам олинадиган маскан бўлиб қолмаслиги керак. Қишлоғимизда ҳар бир фаслда сайёҳлар учун қизиқарли ҳордиқ чиқариш имкониятлари бор, - дейди Терсак маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Ғиёс Ғаффоров. — Шу мақсадда мавжуд меҳмон уйларининг учтасида миллий таомларни тайёрлаш ва сайёҳларга тақдим этиш йўлга қўйилди. Ҳудудда экстремал туризмни ривожлантириш мақсадида зиплайн ташкил этиш ишлари ҳам бошланди. Шунингдек, хориждан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун мўлжалланган 100 ўринли меҳмонхона қурилмоқда.
Бугун Терсакда туризм инфратузилмасини янада кенгайтириш, сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар турини кўпайтириш ва ҳудуднинг туристик салоҳиятини намоён этишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Зеро, туризм қишлоғи нафақат сўлим табиат қўйнида ҳордиқ чиқариладиган маскан, балки маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, урф-одатлари, миллий таомлари ва анъаналарини намоён этадиган ўзига хос сайёҳлик манзилидир.
Терсакда ана шу жиҳатларни бирлаштириш орқали йилнинг ҳар бир фаслида сайёҳларни қабул қилиш ва уларга турли йўналишларда хизмат кўрсатиш учун имкониятлар кенгайиб бормоқда.
Алишер ИСРОИЛОВ(сурат),ЎзА