Термизда ўзбек–афғон енгил саноат маҳсулотлари кўргазмаси очилди
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида бугун Ўзбекистон – Афғонистон енгил саноат маҳсулотлари кўргазмаси бошланди.
Жорий йилнинг 15-17 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган кўргазма доирасида ташкил этилган форумнинг тантанали очилиш маросимида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори Нозимжон Холмуродов, Президентимизнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Афғонистон Савдо ва саноат вазири Нуриддин Азизи ва бошқалар кейинги йилларда Ўзбекистон – Афғонистон ўртасида ривожланиб бораётган ўзаро ҳамкорлик алоқалари қадимги дўстлик ришталаримизни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Ўтмишдаги тарихий яқинлик эндиликда замонавий иқтисодий манфаатлар, ўзаро савдо, инвестиция ва ишлаб чиқариш кооперацияси билан янги босқичда юксалаётгани қайд этилди. Кўргазма ишига омад тилади.

Минтақамизда ҳозирча муқобили йўқ йирик эркин савдо зонасида бўлиб ўтаётган кўргазма ҳам икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириб, енгил саноат соҳасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, ишлаб чиқарувчи ва экспортёрлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қиладиган муҳим бизнес майдонига айланди.

Унда Ўзбекистондан 90 дан ортиқ, Афғонистондан 60 дан зиёд компания вакиллари қатнашиб, тўқимачилик, трикотаж, тайёр кийим-кечак, чарм-пойабзал, гилам ва бошқа енгил саноат маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Термизда ташкил этилган мазкур кўргазма Ўзбекистон – Афғонистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини амалий мазмун билан бойитиб, икки давлат тадбиркорлари ўртасида янги бизнес алоқаларини шакллантириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Бу икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотларни янада кенгайтириб, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва амалий келишувларга эришиш учун қулай имконият яратмоқда.

Кўргазмадан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари, матолар, тайёр кийим-кечаклар, махсус ва иш кийимлари, пайпоқлар, гиламлар, чарм ва чарм маҳсулотлари, пойабзал ҳамда енгил саноатнинг бошқа турдаги маҳсулотлари ўрин олган.
Қашқадарё вилоятидаги “Бунёдкор текстиль” компаниясининг ип-калава, трикотаж ва тўқима матолари, Наманган вилоятидаги “Грант чарм пойабзаллари” масъулияти чекланган жамиятининг пойабзаллари ва бошқа корхоналарнинг сифатли, бежирим маҳсулотлари кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Табиий, арзон ва сифатли маҳсулотларимиз дунёнинг Хитой, Россия, Туркия сингари давлатларида харидоргир бўлмоқда, – дейди “Бунёдкор текстиль” компанияси директорининг савдони ривожлантириш бўйича ўринбосари Шамсиддин Сайфутдинов. – Кўргазмада ўз маҳсулотларимизни намойиш этиб, қўшни давлат билан ҳам ҳамкорлик ўрнатмоқчимиз.

Кўргазмада афғонистонлик тадбиркор Исомиддин Содиқ қўшни давлат ҳунармандларига хос бежирим гилам маҳсулотларини намойиш этмоқда.
– Барча турдаги гиламларимиз табиий маҳсулотдан тўқилган, – дейди Исомиддин Содиқ. – Араб давлатлари, Туркия ва бошқа мамлакатларга сотамиз. Ўзбекистонда ҳам харидорларимиз бор. Эндиликда Ўзбекистонда гилам тўқишни йўлга қўйиб, хотин-қизларни иш билан таъминлашни мўлжаллаяпмиз.

Форумда қайд этилдики, Ўзбекистонда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 11 миллиард долларни ташкил этади. Маҳсулотларимиз 75 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилиниб, ҳажми қарийб 4 миллиард долларга етмоқда. Бугунги кўргазма Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган сифатли, замонавий ва рақобатбардош тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва бошқа енгил саноат маҳсулотларини Афғонистон бозорига кенгроқ олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги кўргазмада маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва экспортёр корхоналарнинг фаол иштирокини таъминлаб, уларнинг экспорт салоҳиятини намойиш этиш ҳамда афғонистонлик тадбиркорлар билан бевосита бизнес алоқаларини ўрнатишга кўмаклашмоқда.

Афғонистон бозорининг географик яқинлиги, енгил саноат маҳсулотларига бўлган талаби ва мавжуд логистика имкониятлари Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун муҳим экспорт истиқболларини тақдим этади. Шу маънода Термизда ўтказилган кўргазма маҳаллий корхоналарнинг қўшни давлат бозоридаги иштирокини кенгайтириб, янги савдо йўналишларини шакллантиради. Шунингдек, Сурхондарё вилояти ва Афғонистон ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни янада юксалтириб, янги ҳамкорлик лойиҳаларини белгилаб беради.
Сурхондарёнинг Афғонистон билан бевосита чегарадошлиги савдо, логистика, транзит ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш учун қулай имконият яратади. Мамлакатимиз жанубидаги воҳа нафақат икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик майдони, балки Афғонистон учун Ўзбекистон бозорига, Ўзбекистон учун Афғонистон орқали Жанубий Осиё бозорларига чиқишда муҳим иқтисодий ва логистик кўприк вазифасини бажаради. Бунинг учун вилоятда автомобиль, темир йўл, ҳаво ва дарё транспортини боғлаган замонавий логистика тизими шаклланган.
Вилоят иқтисодиёти ҳам барқарор ривожланмоқда. Шу йилнинг ўтган даврида Афғонистон билан ташқи савдо айланмаси 188,5 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кўпдир.
Вилоятда йилига 300 минг тоннага яқин сифатли пахта хомашёси етиштирилиб, 90 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади. Эндиликда пахтани чуқур қайта ишлаш, мато, трикотаж ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кўргазманинг дастлабки кунида тадбиркорлар ўртасида Б2Б учрашувлари, бизнес-мулоқотлар ва икки томонлама музокаралар ташкил этилиб, янги савдо шерикларини топиш, экспорт шартномаларини тузиш, ишлаб чиқариш кооперациясини йўлга қўйиш ва мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Кўргазма давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири