Термизда “Жасорат мактаби”нинг навбатдаги мавсуми якунланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги “Термиз” умумқўшин дала полигонида жойлашган ҳарбий қисмда вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги 1-сектор ҳудудидаги маҳаллаларда, жумладан, гарнизондаги ҳарбий қисм ва муассасаларга бириктирилган 100 нафар ёшлар учун 10 кунлик “Жасорат мактаби” ўқув йиғини машғулотлари ўтказилди.
Йиғинда йигитлар кунни бадантарбия машғулотлар билан бошлаб, ўқув давомида жисмоний, жанговар ва саф тайёргарлиги каби машғулотлар, шунингдек, дунё ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият таҳлилларига қаратилган дарсларда иштирок этиб, билим ва кўникмаларини ошириб борди. Бундан ташқари, Ангор туманидаги “Ишга марҳамат” мономаркази ходимлари томонидан ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган амалий машғулотлар ўтказилиб, унда ёшларга малакали мутахассислар томонидан сантехника, чилангарлик, тадбиркорлик, сартарошлик ҳамда компьютер саводхонлиги бўйича сабоқ берилди. Йиғин доирасида ҳарбийликка қизиқиши юқори бўлган ёшларнинг келажаги ҳам алоҳида инобатга олинган бўлиб, бу борада округ қўмондонлиги билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди, муддатли ҳарбий хизматга бориш, шартнома асосида хизматни давом эттириш ҳамда ҳарбий гувоҳнома олиш истагидаги ёшларнинг мурожаатлари қаноатлантирилди. Шунингдек, ёшларни спортга жалб этиш мақсадида “Қўмондон кубоги” учун ҳарбий эстафета, “Вилоят ҳокими кубоги” учун мини-футбол, “Прокурор кубоги” учун шахмат ва шашка мусобақалари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси кубоги учун “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилди.
[gallery-19976]
Ўқув йиғиннинг тантанали ёпилиш маросимида оталиққа олинган ҳар бир йигитнинг эгаллаган касб-ҳунари бўйича сертификатлар ҳамда ташкил этилган мусобақаларда ғолиб бўлган жамоаларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА