Термизда Баҳодир Жалолов шарафланди
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида сурхондарёлик моҳир чарм қўлқоп устаси, 9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ўта оғир вазн бўйича чемпиони ҳамда чемпионатнинг энг яхши спортчиси, деб топилган Баҳодир Жалоловни шарафлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида сурхондарёлик моҳир чарм қўлқоп устаси, 9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ўта оғир вазн бўйича чемпиони ҳамда чемпионатнинг энг яхши спортчиси, деб топилган Баҳодир Жалоловни шарафлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спорт федерациялари мутасаддилари, мураббийлар ҳамда спортчи ёшлар иштирок этган тадбирда Сариосиё туманида камолга етган Б.Жалоловнинг бокс бўйича жаҳон аренасида қўлга киритаётган ютуқлари алоҳида эьтироф этилди.
Жорий йилда 25 ёшни қарши олган етук спортчи 2015 йилда Россияда бокс бўйича ўтказилган жаҳон кубогида халқаро миқёсдаги дастлабки зафарли жангини ўтказиб, олтин медални қўлга киритган. 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган. Шу йилнинг апрель ойида АҚШнинг Нью-Йорк штатида ўтказилган баҳсда “NABF Junior” титул камарига, Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган. 9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионатида у Ўзбекистоннинг довруғини дунёга яна бир карра тараннум этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов бокс бўйича жаҳон чемпиони Баҳодир Жалоловни эришган ғалабаси билан қутлади. 200 миллион сўм пул мукофоти ва эсдалик совғаларини топширди. Онаси Сабоҳат Жалоловага Алпомиш келбат паҳлавон, мард ўғлонни тарбиялаб, камолга етказгани учун миннатдорлик билдириб, совға-саломлар улашди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиси Баҳодир Жалоловга бокс бўйича жаҳон чемпионатидаги муносиб иштироки учун қўмондонлик томонидан лейтенант унвони берилгани маълум қилинди.
Тадбирда Б.Жалолов кўрсатилаётган бундай юксак эътибор уни 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинларида ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ундаётганини алоҳида таъкидлаб, қўллаб-қувватлаётган, янги ғалабалар сари ундаётган барча юртдошларига ташаккур билдирди.
Шу куни моҳир спортчи Термиз шаҳридаги бокс тўгаракларида фаол иштирок этаётган ёш авлод учун маҳорат дарслари ўтди. Талаба-ёшлар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашди.