Тепалик остига беркинган шаҳарнинг номаълум тарихи
Тарих саҳифаларида биз учун қизиқарли бўлган маълумотлар кўп. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша ўтмиши бор. Археологик ёдгорликлар ва ундаги топилмалар муайян бир халқнинг ўтмиши, тарихи, маънавияти ва қадриятларини ўзида акс эттиради.
Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳар “Соғлом” МФЙ ҳудудида “Полвонтош тепа” археологик ёдгорлиги бор. Айрим манбаларда келтирилишича, бу ерда 1934 йилда шўролар мактаби ташкил этилган бўлиб, хонадонлар сони 1937 йилда 74 тадан иборат бўлган. Тепалик остида кўҳна шаҳар қолдиқлари мавжуд. Мазкур жойда тарихчи олимларнинг олиб борган изланишларидан шу нарса маълум бўладики, унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади.
Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, “Полвонтош тепа”да бир пайтлар шаҳар гуркираган. Уни умумий девор билан ўралган кичик шаҳар, деб тасаввур қилиш мумкин. Археологик изланишлар натижасида, тепаликдан жуда кўп миқдорда маъданли қадимги қотишма парчалари ҳамда сопол ва нафис чинни бўлаклар топилган.

Академик Ю.Ф.Буряков сопол парчаларидаги рангтасвир белгиларига қараб тепаликнинг тарихи VI-VIII-асрларга бориб тақалишини тахмин қилади. Ҳудуд (Тошқўтон) кончилар шаҳарчаси вазифасини ўтаган бўлиб, маъданни эритувчи печи ҳамда сопол ва чинни пиширувчи печларига эга бўлган.
Ю.Ф.Буряковнинг аниқлашича, Кўлбулоқ ёнидаги бўйи 2,28 м., эни 2,10 м., чуқурлиги 1,85 м. бўлган, чеккалари тош қалаб кўтарилган бир муғхона қурилиши жиҳатидан IV–V асрларда яшаган сак қавмига мансуб. Бу қадимий ёдгорлик археологларга тарихимизнинг жуда кўп қоронғи нуқталарини ойдинлаштириб бериши мумкин. Бунинг учун ҳозирги шағал йўлни зудлик билан Қизилолмасойнинг ўнг қирғоғига ўтказиш лозим.
“Полвонтош тепа” ёдгорлиги 1972 йил эълон қилинган “Тошкент вилоятининг археологик ёдгорликлари” харитасида 4 гектар саҳнли Эрвалитепа шаҳарчаси деб кўрсатилган.
Эрвалибува мозори оралиғида жойлашган ушбу манзилгоҳ асрлар давомида қўҳна сирларини ҳеч кимга очмай келган.
1960 йилларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 20-мактаб ўқувчилари ўлкашунослик музейи илмий ходими О.М.Ростовцев раҳбарлигида Қўлбулоқ ҳудудига сайлга чиқиб, бир қарашда оддий кўз билан илғаш қийин, аммо синчиклаб текширилса, ноёб саналган бир қанча тош топган. Бу тошлар кўп ўтмай археологларни қизиқтириб қўйган. Ўшандан буён Кўлбулоқ ва унинг шимолий томонидаги Қизилолма археологик масканларида ўзбекистонлик олимлар илмий-тадқиқот ишлари олиб бормоқда.

Қазув ишларида Россия, Япония, Бельгия, Хитой, Германия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан келган мутахассислар ҳам иштирок этган. Уларнинг фикрича, бу ердан топилаётган тош қуролларнинг ёши 26-27 минг йил илгари ҳукм сурган юқори ашель ва мустъер даврлари билан боғлиқ.
Кўлбулоқдан сизиб чиқаётган муздай шаффоф сув таркибида радон мавжуд. Кўлбулоқдан тахминан уч юз метр шимолида “Қизилолма” олтин кони атрофида аждодларимизга тегишли яна бир қўҳна манзилгоҳ мавжуд. Олимлар ноёб Қизилолма археологик топилмаси деб атаётган бу манзилгоҳда даставвал краманьон ва неандертал одамлар, кейинчалик, эрамизнинг IV асридан бошлаб, олтин ишлаб чиқарувчи калонияларнинг кончилари истиқомат қилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Неъмат Душаевнинг сўзларига кўра, шундоққина оёғимиз остида ястаниб ётган ушбу қўҳна шаҳарча ўз даврида қандай номланган, қандай тирикчилик билан шуғулланганлиги тўғрисида ҳанузга қадар аниқ маълумотлар йўқ. Ҳозирча, археологлар Полвонтошдаги кўҳна шаҳарчада Қизилолма ва бошқа олтин, кумуш конларига маблағ ажратиб иқисодий фойда кўрган деҳқонлар яшаган, дея тахмин қилинмоқда. Буюк Ипак йўлининг кичик бир тармоғи мана шу шаҳарча ёнидан ўтган бўлиши мумкин.
Мазкур ёдгорликлар бўйича олимлар муттасил изланишда. Кўлбулоқ, Қизилолма ва Полвонтош (Тошқўтон) яқин йиллар ичида халқаро археологик тадқиқотлар ва туризм манбаига айланса, “Соғлом” МФЙ ҳудудига келувчи олим ва туристлар кўпаяди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА