Тенгсиз матонат тимсоли
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳрат матонат, бағрикенглик, ижодга фидокорлик тимсолидир. Ижодкор зиёлилар уни «Шуҳрат домла» деб меҳр ва эҳтиром билан мурожаат қилганларига адабий хотираларга оид китобларда доим гувоҳ бўлганмиз.
Маълумотларга кўра, Шуҳрат (Алимов Ғулом Аминжонович) 1918 йили 19 апрелда Тошкентда туғилган.
Дастлаб Транспорт техникуми (1932-33), кейинроқ Ўрта Осиё транспорт инженерлари тайёрлаш институти (1934-36) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институти (1936-40)да таҳсил олган.
Шуҳрат Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлгани боис тинч ва осуда ҳаётнинг қадр-қиммати асарларида устуворлик касб этади. Адиб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг маслаҳат бюросида котиб, адабий маслаҳатчи, Адабиёт жамғармасида директор, ёшлар газетасида бўлим мудири, «Шарқ юлдузи» журналида бўлим мудири, масъул котиб (1960-70) бўлиб меҳнат қилган.
Шуҳрат 1951 йилда қатағон қилиниб, шўролар тузуми зуғумини, зулмини ўз бошидан ўтказган ижодкордир. Ёзувчи 1955 йилда оқланган.

Унинг дастлабки асари – «Меҳрол» эртак-достони 1940 йилда нашр этилган. Матонатли, иродаси бақувват Шуҳрат урушдан қайтгач, бадиий ижод билан самарали шуғулланган ва кўплаб шеърий ва насрий тўпламларни эълон қилди. «Бизнинг кўча» (1947), «Ҳаёт нафаси» (1948), «Қардошлар» (1950), «Балладалар» (1958), «Сенинг севгинг» (1961), «Ишқингда ёниб» (1964), «Буюк муҳаббат» (1966), «Лирика» (1973), «Шайдо кўнгил» (1976), «Ҳали тун узоқ» (1984) каби шеърий, «Оила» (1946), «Рустам» (1947), «Балоғат» (1958), «Бир кеча фожиаси» (1976) ва бошқа насрий асарлар шулар жумласидандир.
Адабиётшуносларга кўра, ижодкор 60-70 йилларда яна достон жанрига қайтиб, «Мардлик афсонаси» (1959), «Гулдурсин» (1960), «Сўлмас чечаклар», «Жамила» (1962), «Қувғинди» (1963) сингари достонлар яратди. Асарлари нафис лиризми, қаҳрамон руҳий оламининг ёрқин ифодалангани, ҳис-туйғуларнинг самимийлиги билан ажралиб туради.
Шуҳратнинг сўнгги йилларда ёзган шеърларида фалсафий ўйлар тасвири устуворлик қилади. Унинг лирик қаҳрамони бир кам дунёнинг сиру синоатларини англай бошлаган киши сифатида, ҳаёт ва абадият, табиат ва жамият, ўтмиш, ҳозирги давр ва келажак ҳақида мушоҳада юритувчи инсон сифатида намоён бўлади.
Шуҳратнинг Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, мағлубият ва ғалабани ўз кўзи билан кўриши унинг «Шинелли йиллар» (1958) романини ёзишига туртки берган.
Адиб «Олтин зангламас» (1965) романида мустабид совет тузуми даврида инсон ҳақ-ҳуқуқларининг топталишини ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни умумлаштирган ҳолда тасвирлаган. Эътиқод, ватанпарварлик, виждон амрини ҳар бир кишининг жамиятдаги мавқеи ва инсоний қадр-қимматини белгиловчи муҳим маънавий қадриятлар сифатида талқин этган.
Шуҳратнинг «Жаннат қидирганлар» (1968) романи «Олтин зангламас» асарининг мантиқий давомидир. Шуҳрат бу асарида ҳақиқат (жаннат) ахтариб яшовчи кишиларнинг икки хил кўринишини тасвирлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Маълумотларга кўра, ёзувчи умрининг сўнгги кунларида исёнкор шоир Машраб ҳақидаги тарихий роман устида ишлаган, бироқ асар тугалланмай қолган. Шуҳрат – «Беш кунлик куёв», (1970), «Қўша қаринглар» (1971), «Она қизим» (1973) ва бошқа кўплаб драмаларнинг муаллифи. Гейне, Пушкин, Лермонтов, Мицкевич, Шевченко, Воқиф асарларини, шунингдек, япон ва вьетнам, озарбайжон шоирларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Адабиётга умрини бағишлаган адиб 1978 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», 1986 йилда «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвонига сазовор бўлган. Фидойи ёзувчи 2003 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА