Темурийлар ҳақида сўзловчи тарихий ноёб асар
Инсоният ўз тарихи мобайнида кўплаб фотиҳлар, саркардалар ва давлат арбобларига гувоҳ бўлди. Уларнинг амалга оширган ишлари тарих зарварақларида ҳануз сақланиб, келажак авлод учун ибрат манбаи бўлиб келмоқда.

Ана шундай буюк шахслардан бири, ватандошимиз жаҳонгир Амир Темур Кўрагондир. Унинг ҳаёти, фаолияти, ҳарбий санъати, жамият ва давлат ҳаётида амалга оширган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий ислоҳотлари ҳануз мутахассислар назаридан четда қолмасдан, тадқиқот манбаси бўлиб келмоқда.
Амир Темур тузган давлат ўз даврида ғарбу шарқда шу қадар катта қудрат ва таъсирга эга бўлганки, ўша даврдаги жаҳоннинг ҳар қандай давлати, унинг маданий қатлами Темур Кўрагон давлатида кечаётган сиёсий ёки ҳарбий жараёнларни диққат билан кузатиб борган. Айниқса, зиёли қатлам бу ишда фидойилик кўрсатган. Амир Темур фаолияти, ҳаёт йўлига бағишланган асарлар дунёга келган.
Унинг замондошларидан Низомиддин Шомий, Ҳофизи Абру, Ғиёсуддин Али Яздий, Ибн Халдун, Гонсалес де Клавихо ва Ибн Арабшоҳ кабилар ўз кўзлари билан кўрган-кечирганлари, иштирок этган воқеа-ҳодисаларини баён этиб, ўша давр тарихий жараёнларига бағишлаб асарлар ёзган бўлса, Амир Темур вафотидан кейин ҳам бу давлат асослари ва тартиботига бўлган қизиқиш камаймади. Шарафуддин Али Яздий, Бобур, Мирхонд, Хондамир каби муаррихлар асарларида ҳам Темур Кўрагон ва унинг авлодлари асосий мавзу бўлди.

Юқоридаги муаррихлар асарлари ўрта асрлар тарихини ўрганишда муҳим манба эканлигига шубҳа йўқ. Негаки, улар аниқ тарихий тадрижийликка асосланиб ёзилган асарлар сирасига киради. Булар қаторида биз Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарини айтишимиз мумкин.
Темур шахсиятига бўлган қизиқишнинг даврлар оша сира камаймаганига далиллардан бири шуки, Салоҳиддин Тошкандий ХХ аср бошларига келиб, “Темурнома” номи билан тарихий-бадиий асарини ёзди.
Биз номларини санаган асарларнинг деярли барчаси ўрта асрларда ёзилган ва асрлар оша улар бизгача етиб келган.
Ҳозирги кунда Темур тарихига бағишланган яна бир асар мавжудлиги маълум бўлди. У асар “Темурномаи манзума” (“Назмий Темурнома”) номи билан аталиб, XV-XVI асрларда яшаб ижод этган шоир ва муаррих Абдуллоҳ Ҳотифий Харгирдий Жомий (1454-1521) қаламига мансуб. Адиб Эронда темурийлар даврининг ниҳоя топиб, сафавийлар давлатининг кучайиши палласида яшаб ижод қилган. Лекин бу асар аксарият тарихга қизиқувчилар назаридан четда қолиб келмоқда.
Муаллиф тўғрисида келган тарихий маълумотларга кўра, у Абдураҳмон Жомийга қариндош бўлган. Унинг бир неча асари мавжуд бўлиб, уни машҳур қилган асари “Хамса” достони ҳисобланади. Булардан ташқари “Ҳафт манзар”, “Футуҳоти шоҳй” каби бошқа асарлари ҳам мавжуд.
Ҳотифийнинг “Темурнома” асари ўзига хос тарзда ёзилган шеърий-назмий асар бўлиб, у нафақат тарихий балки бадиий қийматга ҳам эга. Шунингдек, ундаги воқеалар ривожи, яъни мавзулар тадрижийлик асосида келтирилганлиги асарнинг ўзидан олдинги муаррихлар асарларидан ҳам яхши хабардорлигини кўрсатиб турибди. Чунки у Ҳусайн Бойқаро давлатининг энг гуллаб яшнаган давридан бу давлатнинг инқирозигача гувоҳ бўлган, даврнинг энг етук алломалари Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Воиз Кошифий каби буюклари билан бирга яшаб, уларнинг маънавий оламидан яхши хабардор ҳам бўлган. Мана шу жиҳатларни эътиборга олсак, асар Темур тўғрисида ёзилган бошқа замондошларининг услубидан фарқ қиладиган ўзига хос тарзда ёзилганлигига шубҳа йўқ. Буни кейинги тадқиқотлар аниқлаб беради.
Бу асар Туркия, Эрон ва Ҳиндистон кутубхоналарида мавжуд бўлиб, ҳали йирик ва махсус тадқиқ қилинмаган. Уни чоп этиш ишлари илк бор 1958 йилда Мадрас университети олими Абу Ҳошим Саййид Юшаъ томонидан амалга оширилган. Икинчи марта 2019 йилда эронлик олим Мансур Шукройи томонидан нашрга тайёрлаб чоп қилинган. Бироқ бу асарнинг ўзига хос жиҳатлари, бошқа манбалардан устунлиги ёки камчиликлари тўғрисида қиёсий таҳлил асосида бирoрта жиддий тадқиқот амалга оширилмади.
Ўзбекистонда ҳам соҳа мутахассислари орасида бу асар тўғрисида хабардор бўлганлар жуда оз.
Асар Амир Темур тарихини ёритувчи юқорида санаб ўтилган асарлардан савия, қамров ёки ишончлилик жиҳатидан қанчалик фарқ қилмасин, шубҳасиз тарихимизнинг энг шонли даврларини баён этган асар бўлганлиги биз учун қимматлидир.
Абдураҳим Болтаев,
Бухоро давлат университети Миллий ғоя, маънавият
асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси доценти