“Темур тузуклари билимдони” танлови ўтказилди
Қашқадарё вилоятида буюк аждодимиз Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Темур тузуклари билимдони” танлови ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар тизимида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш, шунингдек, миллий меросимизни кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилди.

Танлов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти Кенгаши, Қарши ҳарбий прокуратураси ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда турли куч тузилмалари вакиллари фаол иштирок этди.
Беллашувлар давомида иштирокчилар “Темур тузуклари” асарининг мазмун-моҳияти, ундаги давлат бошқаруви тамойиллари, адолат, ҳарбий санъат ва юксак ахлоқий қадриятларга оид билимларини синовдан ўтказди.

Якуний натижаларга кўра, Қарши халқаро университетининг “Қалқон” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин вилоят божхона бошқармасининг “Божхоначилар” жамоасига, учинчи ўрин эса Ички ишлар вазирлиги қошидаги Қўриқлаш хизмати “Қўриқлаш” жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур танлов ёшлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида тарихий меросимизга бўлган қизиқишни янада ошириш, уларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири