Темирйўлчилар касб байрами муносиб нишонланди
Пойтахтимиздаги Темирйўлчилар маданият саройида соҳа ходимларининг касб байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан мазкур муҳташам, файзли саройга фахрий темирйўлчилар, муҳандислар, соҳага эндигина кириб келаётган ёшлар таклиф этилди.
Айтиш керакки, 2024 йил нишонланаётган Ўзбекистон темир йўл транспорти ходимлари куни Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилганининг 30 йиллигига тўғри келмоқда. Темирйўлчиларнинг бу йилги касб байрами соҳада катта ўзгаришлар даври билан боғлиқ.
[gallery-18565]
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат темир йўл транспорти ходимларига йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматов, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев темирйўлчилар олдидаги вазифалар, истиқболли лойиҳалар ҳақида сўзлади.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида Ўзбекистон темирйўлчилари томонидан 2 минг 297 километрдан ортиқ темир йўллар қурилди. 4961,3 километр темир йўллар реконструкция қилинди, 2088 километри электрлаштирилди.
“Навоий – Учқудуқ – Султон Увайстоғ – Нукус”, “Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон”, “Ҳайратон – Мозори Шариф”, “Ангрен – Поп” электрлаштирилган темир йўли, “Қамчиқ” темир йўл туннели қурилди. “Бухоро – Мискин”, “Мароқанд – Қарши”, “Қарши – Термиз” каби темир йўл участкалари электрлаштирилди.
“Тошкент – Самарқанд – Тошкент” йўналиши бўйлаб юқори тезликда ҳаракатланадиган “Аfrosiyob” электропоездлари қатнови йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан соҳа ходимлари томонидан Марказий Осиёда ягона Тошкент ер усти метрополитенига асос солинди.
Бугунги кунда умумий узунлиги 23,7 км бўлган, 14 та бекатдан иборат Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияси пойтахт аҳолиси ва меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатмоқда.
Соҳа ходимларининг 6 нафари “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвонга мушарраф бўлгани темир йўллар ривожига кўрсатилаётган улкан эътибордан дарак беради.
Йиғилишда эътироф этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан темир йўл транспорти соҳасини ислоҳ қилиш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш, бизнес жараёнларини рақамлаштириш, бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш ҳамда республиканинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида ўтган йилнинг сўнгги ойларида соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва унинг таркибидаги корхоналар негизида алоҳида йўналишлар бўйича “Темирйўлинфратузилма”, “Темирйўлкарго”, “Темирйўлэкспресс”, “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” акциядорлик жамиятлари ва бошқа ташкилотлар ташкил этилди.
Шунингдек, болалар оромгоҳлари, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий ва спорт объектларини сақлаш, аҳолига кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган тушумларни ошириш ҳамда уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш юзасидан тизимли ишларни амалга ошириш бўйича “Темир йўл ижтимоий хизматлар” муассасаси ташкил этилиб, айни пайтда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан айни пайтда темирйўлчилар наинки ўз соҳаларидаги, балки республикадаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлган Қизилқум саҳросининг қоқ ўртасидан ўтган ва 2017 йилда қурилган “Бухоро – Урганч – Хива” темир йўлини электрлаштириш ишларини ниҳоясига етказмоқда.
Ушбу йўналишнинг электрлаштирилиши яқин муддатларда “Тошкент – Самарқанд – Навоий – Бухоро – Урганч – Хива” йўналишида тезюрар ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи экологик хавфсиз электропоездлар қатновини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади. Табиийки, бу йўл учун кетадиган вақт, ёнилғи ва бошқа харажатларнинг ҳам тежалишига замин яратади. Қолаверса, атроф-муҳит экологиясига ҳам салбий таъсирни камайтиради.
Соҳа ходимларининг саъй-ҳаракати туфайли юк ва йўловчи ташишда ҳам хавфсизлик тўлиқ таъминланиб, барқарор фаолият кузатилмоқда.
Аҳамиятлиси, амалга оширилаётган ишлар шу соҳа ходимларининг залворли меҳнати билан бўлмоқда. Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замонда қўлга киритилган ютуқлар билан кифояланиб қолиш бўлмайди. Янада катта марралар, вазифалар, буюк лойиҳалар устида ишлаш давр талаби, тараққиёт кафолати, халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлиши, демакдир.
–Темир йўл соҳасида 1985 йилдан буён меҳнат қиламан, – деди "Ўзвагонтаъмир" акциядорлик жамияти Самарқанд депоси катта устаси, соҳа фахрийси Мансур Мавлонов. – Ишимни чилангарликдан бошлаб, ҳозирда катта уста вазифасида давом эттириб келяпман. Юк ташиш вагонларини таъмирлаш билан шуғулланамиз. Ишимиз жуда масъулиятли. Соҳа ривожига қаратилаётган эътибор темир йўлларни янада равнақ топтиришга хизмат қилмоқда.
–43 йилдан буён шу соҳада ишлайман, – деди "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти Иқтисодий таҳлил ва прогнозлаш департаменти мутахассиси Мавжуда Нурмуҳамедова. – Бухоро, Қарши, Тошкент темир йўл узелларида ишладим. Йўловчи, юк ташиш, экспорт-импорт ҳажмини ошириш борасида салмоқли ютуқларга эришилди. Айни пайтда ҳали бажарилиши керак бўлган режалар, вазифалар ҳам бисёр.
Тантанали тадбирда соҳада кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилган ходимлар тақдирланди. Сўзга чиққанлар темир йўл ривожи йўлида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Тантанали тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.
Назокат Усмонова,
Рустам Назарматов (сурат),
ЎзА мухбирлари