Темир йўллар иқтисодиётнинг жон томири
Мамлакат мустақиллиги оддий тарихий сана эмас. Мустақиллик бу ҳар бир куни, ҳар бир йили олтинга тенг бўлган, заҳматли меҳнат, жасоратли қарорлар ва миллий тикланиш йўлидир.

Ўтган 35 йилнинг айнан ҳар бир йили мамлакат пойдеворига қўйилган пишиқ ғишт бўлди. Бу даврда Ўзбекистон аграр ва хомашёга қарам республикадан, саноати ривожланган, глобал логистика марказига айланаётган қудратли давлат даражасига кўтарилди.
Мамлакат иқтисодиётини бир-бири билан боғловчи, унинг «қон томирлари» ва «пўлат артерияси» ҳисобланган темир йўл транспорти соҳаси ушбу 35 йиллик тараққиётнинг энг яққол, инкор этиб бўлмас кўзгусидир. Зеро, темир йўлсиз том маънодаги иқтисодий суверенитетга, йирик саноатга ва геосиёсий мустақилликка эришиб бўлмас эди.
Истиқлол арафаси: тарқоқлик, қарамлик ва оғир мерос
1991 йилда Мустақилликга эришган илк одимларимизда Ўзбекистон темир йўл тизими ўта оғир ва парадоксал вазиятда бўлганлигини катта авлод вакиллари яхши билишади. Масалан, Совет Иттифоқидан қолган темир йўл харитаси Ўзбекистонни яхлит давлат сифатида боғламас эди. Олайлик, Тошкентдан Сурхондарёга ёки Фарғона водийсига поездда бориш учун қўшни Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудларини кесиб ўтиш, бир неча бор божхона ва чегара назоратидан ўтиш талаб этиларди.
1991 йилда мавжуд бўлган 3 400 км атрофидаги темир йўлларнинг атиги 10-12 фоизи (400 км га яқини) электрификация қилинган, поездлар асосан қимматбаҳо ва экологияга зарарли дизель (тепловоз) тортишувида ҳаракатланган. Замонавий йўловчи ва юк вагонларини таъмирлаш ва янгилаш имкони йўқ эди. Соҳа тўлиқ ташқи эҳтиёт қисмларга ва хорижий заводларга қарам бўлган. Мамлакат ичидаги юк ва йўловчи ташиш учун қўшни давлатларга миллионлаб доллар транзит тўловлари тўланарди.
Тизимни шакллантириш йўлидаги интилишлар
Ўттиз беш йил тарих учун унчалик катта давр эмас. Аммо давлат ва унинг стратегик инфратузилмасини шакллантириш нуқтаи назаридан бу бутун бир тараққиёт босқичидир. Ўзбекистон темир йўл тизимининг 1991–2026 йилларда босиб ўтган йўли бу фикрни аниқ рақамлар ва амалга оширилган лойиҳалар билан тасдиқлайди. Бу тарихни «аввал ҳаммаси ёмон эди, кейин ҳаммаси яхши бўлди» деган содда қараш билан баҳолаш тўғри эмас. Аксинча, мустақилликнинг ҳар бир йили миллий темир йўл тизимини шакллантиришда ўз ўрнига эга. 1990-йилларда мустақил бошқарув тизими яратилди, 2000-йилларда мамлакат ҳудудларини ўз темир йўллари билан боғлаш вазифаси ҳал қилинди, 2010 йилларда юқори тезликдаги ҳаракат ва электрлаштириш янги босқичга кўтарилди. 2017 йилдан кейин эса инфратузилмани янгилаш билан бир қаторда бошқарув, иқтисодий самарадорлик, логистика, рақамлаштириш ва халқаро транспорт йўлакларига интеграция масалаларига урғу кучайди. 1991 йилда Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигини қўлга киритди. Бироқ республика ҳудудидаги темир йўллар мустақил миллий тизим сифатида қурилмаган бўлиб, улар собиқ Иттифоқнинг ягона транспорт мажмуаси — Ўрта Осиё темир йўллари таркибида шаклланганди. Бунинг амалий маъноси шунда эдики, мамлакатнинг айрим ҳудудлари ўртасидаги темир йўл қатнови қўшни давлатлар ҳудудидан ўтишга боғлиқ эди. Мустақил Ўзбекистон учун эса иқтисодий ва транспорт мустақиллигини таъминлаш мақсадида ўз ҳудудларини ўз темир йўл тармоғи орқали бирлаштириш стратегик вазифага айланди. Шу сабабли мустақилликнинг дастлабки йилларида энг муҳим вазифа янги поезд сотиб олишдан ҳам аввалроқ — миллий темир йўл бошқарув тизимини ташкил этиш эди.
1994 йил 7 ноябрда Президентнинг ПФ–982-сон Фармони асосида Ўзбекистон ҳудудида жойлашган собиқ Ўрта Осиё темир йўллари тармоқлари, корхона ва муассасалари негизида «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик темир йўл компанияси ташкил этилди. Бу мустақил миллий темир йўл тизимининг институционал пойдевори бўлди. Шу маънода, мустақилликнинг дастлабки ўн йиллигидаги энг катта натижани фақат километрлар билан ўлчаб бўлмайди. Ўзбекистон ўзининг темир йўл сиёсати, бошқаруви, кадрлари ва техник базасини мустақил равишда ривожлантириш имконига эга бўлди.
Географик парокандаликдан ягона миллий тармоққа
Мустақиллик йилларидаги энг муҳим вазифалардан бири мамлакатнинг шимоли, ғарби, жануби ва шарқини Ўзбекистоннинг ўз ҳудуди орқали боғлайдиган темир йўлларни барпо этиш бўлди. Шу мақсадда Қизилқум бағрида Навоий – Учқудуқ – Султон Увайстоғ – Нукус темир йўл линияси қурилди. Унинг узунлиги 341 чақиримни ташкил этди. Кейин Амударё устидан темир йўл ва автомобиль ҳаракати учун мўлжалланган қўшма кўприк барпо этилди.
Натижада Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмнинг мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан транспорт боғлиқлиги мустаҳкамланди. Навбатдаги стратегик лойиҳа — Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли бўлди. Узунлиги 223 километр бўлган бу йўл мураккаб тоғли ҳудудларда қурилди. Унинг ишга туширилиши жанубий вилоятларни мамлакатнинг марказий қисмлари билан тўғридан-тўғри боғлаш имкониятини кенгайтирди. Демак, мустақилликнинг биринчи катта натижаларидан бири — собиқ иттифоқ давридан қолган тармоқни шунчаки эксплуатация қилиш эмас, балки Ўзбекистон манфаатларига мос миллий темир йўл географиясини қайта шакллантириш бўлди.
Миллий гуркираб ўсиш даври
Мустақилликнинг 25 йиллигига келиб, ҳар бир йилда олиб борилган изчил сиёсат ўз мевасини бера бошлади. Бу давр темир йўл соҳасида «географик қарамликка барҳам бериш» даври сифатида тарихга кирди. «Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон» темир йўли қурилиб, Сурхондарё тўғридан-тўғри тармоққа боғланишини тарихий мега-лойиҳалар қаторига киритиш мумкин. 2016 йилда эса аср мўъжизаси — «Ангрен – Поп» темир йўли ва 19,2 кмлик Қамчиқ тоннели ишга туширилиб, Фарғона водийси Тошкент билан пўлат ришталар орқали абадий боғланди. Унинг асосий натижаси — Фарғона водийсининг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларини мамлакатнинг бошқа қисми билан Ўзбекистон ҳудуди орқали тўғридан-тўғри темир йўл билан боғлаш имкони яратилганида эди. Шу тариқа 2016 йилга келиб мамлакатнинг ягона миллий темир йўл тармоғини шакллантиришда ҳал қилувчи босқич якунланди. 2016 йилга келиб темир йўлларнинг умумий узунлиги 4 600 кмдан ошди. Электрификация қилинган линиялар узунлиги 2 000 кмга етказилди (43%). Бу эксплуатация харажатларини 2,5 баробарга арзонлаштирди. 2011 йилда ишга туширилган ва 2016 йилга келиб Бухоро ва Қаршигача узайтирилган «Афросиёб» (Talgo 250) тезюрар поезди Ўзбекистонни минтақада юқори тезликдаги темир йўл қатновига эга ягона давлатга айлантирди. 2016 йилда темир йўл орқали ташилган юклар ҳажми 67 миллион тоннадан, йўловчи ташиш эса 20 миллион кишидан ошди.
Ўзбекистон Евроосиё логистика хаби
Мустақилликнинг 35 йиллиги бўсағасида Ўзбекистон темир йўл тизими нафақат мамлакат ички эҳтиёжини қондирмоқда, балки бутун Евроосиё қитъасининг энг муҳим логистик чорраҳасига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилган ислоҳотлар сабабли соҳада туб таркибий ва институционал трансформация амалга оширилди.
«Аср қурилиши» деб ном олган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли 27 йиллик кутишдан сўнг қурилиш босқичига кирди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистонга Тинч океанидан Европа ва Форс кўрфазигача бўлган энг қисқа транзит коридорини очади. Бу орқали мамлакат йилига 150–200 миллион доллар атрофида соф транзит даромади олади. Покистон портлари орқали Ҳинд океани ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун ҳам янги имкониятлар очилади. Ҳисоб-китобларга кўра, йилига қўшимча 15-20 миллион тонна транзит юкини қабул қилиш 400-600 миллион доллар даромад, логистика марказлари ва терминаллар учун 3 миллиард доллар инвестиция ҳамда 50 мингта барқарор иш ўрни яратиш имконини беради. Шу мақсадда 2030 йилга қадар Андижон билан Қўнғиротни, Термиз билан Тошкентни боғловчи 4 минг километр халқаро йўлларни юқори талабларга жавоб берадиган замонавий транзит йўлакларга айлантириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрда қабул қилинган “2030 йилга қадар темир йўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудларда транспорт инфратузилмаси янгиланиб, маҳаллий қатновлар кенгайтирилмоқда. Натижада аҳоли учун қулай ва сифатли транспорт хизматлари йўлга қўйилмоқда. Пойтахт ва Бекободни боғловчи 192 километрлик “Тошкент – Бекобод” темир йўл қатнови кунига қарийб минг нафар, йилига эса 300 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиши кўзланган. Эндиликда унда олти вагондан иборат, 586 нафар йўловчига мўлжалланган электропоезд соатига 120 километргача тезликда ҳаракатланади. Бу, айниқса, ҳар куни иш ва ўқишга қатнайдиган фуқаролар учун қўшимча қулайлик яратади. Электропоездда йўловчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар ўрнатилган. Вагонлар кондиционер ва иситиш тизимлари, юмшоқ ўриндиқлар, USB қувватлаш нуқталари ҳамда Wi-Fi тармоғи билан жиҳозланган. Шунингдек, видеокузатув тизимлари, электрон ахборот таблолари ва велосипедлар учун махсус жойлар мавжуд. Тезкор электропоезднинг қатновга қўйилиши автомобиль йўлларидаги транспорт юкламасини камайтириш ва экологик тоза транспорт улушини оширишга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Самарқанд – Ургут” янги темир йўл линиясининг ишга туширилиши ҳудудга катта имкониятларни тақдим этди. Лойиҳа доирасида иккита вокзал, “Ургут” иқтисодий зонасида иккита юк станцияси ҳамда бир қатор кўприклар барпо этилди. Эътиборлиси, мазкур линияни келгусида тўлиқ электрлаштириш режалаштирилган. Поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкони яратилади. Йўналиш Самарқанд шаҳри, Жомбой, Пастдарғом, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз ва замонавий транспорт хизмати тақдим этиши билан аҳамиятли. Шунингдек, ички туризм ривожига ҳам катта туртки беради. Темир йўл инфратузилмаси иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ушбу лойиҳа “Ургут” эркин иқтисодий зонаси салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Янги йўналиш ишга тушиши натижасида 130 та янги иш ўрни яратилади.
Янги темир йўлнинг келиши билан Ургутда иқтисодий ўсишни чеклаб турган тўсиқлар, логистик “тромб”лар бартараф этилади. Юк ташиш тезлашади, маҳсулотлар бозорларга арзон ва вақтида етказилади, инвесторлар учун қулайликлар янада ортиб, ҳудуднинг рақобатбардошлиги ошади. Энг муҳими, ҳудудда яратилаётган янги имкониятлар аҳолининг турмуш даражасига бевосита ижобий таъсир кўрсатади. Инфратузилма ривожланган жойда иш ўринлари кўпаяди, хизматлар яхшиланади, тадбиркорлик фаоллашади.
2026 йилга келиб электрификация қилинган темир йўллар узунлиги 3 200 кмдан ошди (60%дан юқори). Бухоро–Хива, Нукус йўналишлари тўлиқ электрлаштирилди ва «Афросиёб» поездининг географияси Хивагача уланди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ монопол ва маъмурий тузилмадан холдинг компаниясига айлантирилди. Инфраструктура, йўловчи ташиш («Ўзтемирйўловчи»), ва юк ташиш («Темирйўлкарго») мустақил тизимларга ажратилди, хусусий операторларга вагон ва локомотивлар билан бозорга киришга ҳуқуқий йўл очилди. Самарқанд ва Тошкентдаги вагон таъмирлаш ва қуриш заводларида «Made in Uzbekistan» бренди остида замонавий юк ва йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилмоқда. 2026 йил якунлари бўйича йиллик юк ташиш ҳажми 100 миллион тоннадан, йўловчи ташиш эса 25 миллиондан ошади.
Бугун темирйўл тизими улкан қурилиш майдонини эслатади. Мисол учун, “Урганч” вокзалидан “Урганч” аэропортигача бўлган 10 километрдан ортиқ янги электрлаштирилган темир йўл линияси барпо этилди. 2025–2026 йилларда “Чиноркент”, “Паркент”, “Жартепа”, “Ургут”, “Гурлан”, “Манғит” ва “Қипчоқ” вокзаллари янгидан бунёд этилди. “Ҳазорасп” ва “Тўрткўл” вокзаллари қайта қурилди, “Элликқалъа” ва “Шовот” вокзаллари тўлиқ реконструкция қилинди. Йил бошида “Жалолиддин Мангуберди” электропоездларига техник хизмат кўрсатиш маркази ишга туширилди. Поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида муддати ўтган 36 та нуқсонли қувур ва кўприк капитал таъмирланди. 30 та ер ости йўлаги ва 2 та ер ости автомобиль тоннели қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Нурафшон – Пскент – Бўка – Бекобод – Боёвут – Янгиер” ҳамда “Ховос – Даштобод” йўналишларида янги темир йўл лойиҳаларининг қурилиши бошланди. “Дўстлик – Айдар Арнасой кўли” ва Бекобод махсус иқтисодий зонасига олиб борувчи темир йўл қурилиши ҳам давом этмоқда.
1991 йилда Ўзбекистон ўз ҳудудидаги темир йўлларни собиқ ягона тизимнинг бир қисми сифатида қабул қилиб олган эди. Бугун эса мамлакат ўзининг ягона миллий темир йўл тармоғи, Қамчиқдек мураккаб тоғ тоннели, юқори тезликдаги «Afrosiyob» поездлари, минглаб километр электрлаштирилган линиялари, вагонсозлик ва таъмирлаш корхоналари ҳамда ривожланаётган транзит салоҳиятига эга. Ушбу натижа бир йилда ёки бир лойиҳа билан яратилган эмас. Унинг замирида мустақилликнинг ҳар бир йили, бир неча авлод темирйўлчиларининг меҳнати, муҳандислик мактаби, давлат инвестициялари ва босқичма-босқич амалга оширилган ислоҳотлар турибди. Шу билан бирга, 2017 йилдан кейинги даврнинг ўзига хос жиҳати — ислоҳотлар суръати ва талабининг ўзгарганида. Илгари асосий вазифа миллий тармоқни барпо этиш ва ҳудудларни боғлаш бўлган бўлса, бугунги талаб — шу тармоқни тезкор, рақобатбардош, иқтисодий самарали ва халқаро логистика тизимининг фаол иштирокчисига айлантиришдир. Ўзбекистон 35 йил давомида собиқ иттифоқ транспорт тизимининг бир бўлагидан ўз миллий манфаатларига хизмат қиладиган, мамлакат ҳудудларини бирлаштирган ва жаҳон транспорт йўлакларига чиқишга интилаётган мустақил темир йўл тизимини шакллантирди. Бу қуруқ шиор эмас. Буни 2,4 минг километрдан зиёд янги қурилган темир йўл, 3 минг километрдан ортиқ электрлаштирилган линия, 1,1 минг километрдан зиёд реабилитация қилинган йўл, 19,2 километрлик Қамчиқ тоннели, 7,5 минг километрдан ортиқ умумий тармоқ ва юз миллион тоннадан зиёд йиллик юк ташиш ҳажми тасдиқлаб турибди.
Мустақилликнинг 35 йили давомида Ўзбекистон темир йўллари шунчаки рельслар ва вагонлар тўпламидан мамлакат суверенитети, иқтисодий хавфсизлиги ва саноат қудратининг асосий кафолатига айланди. Агар 1991 йилда мамлакатимиз қўшнилар транзитига қарам ва “тупик”даги давлат бўлган бўлса, 2026 йилда Ўзбекистон — ЯИМ ҳажми 180 миллиард доллардан ошаётган, экспорт ҳажми 40 миллиард долларга интилаётган, Марказий ва Жанубий Осиёни, Хитой ва Европани боғловчи энг йирик Евроосиё транспорт хабидир.
Мустақилликнинг ҳар бир йили қадрли бўлди, чунки бу 35 йилнинг ҳар бир кунида заҳматкаш темирйўлчилар, муҳандислар ва қурувчилар мамлакат истиқболи учун замин яратдилар. Бу пўлат йўллар бизни фақат манзилдан манзилга эмас, балки Буюк ва Мустақил Келажакка олиб бормоқда!
Ташпўлат Матибаев,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
социология фанлари доктори, профессор