“Телеграм”даги танишув оқибатида чув тушаётганлар
Халқимизда синалмаган отнинг сиртидан ўтма, деган мақол бор. Бу ҳали яхши танимаган, синашта бўлмаган одамларга ишониб кетавермаслик кераклигини англатади.
Аммо ахборот технологиялари ривожланган бир пайтда одамларнинг ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар орқали танишиши, турли хизмат ва маҳсулотлар тақдим этиши кўпайди.
Афсуски, тармоқларга ғараз ниятда кириб, ўзгаларни чув туширишдек шум режа тузаётганлар ҳам бор.
25 ёшли Р.Л. (аёл) “Телеграм” мессенжерида “Санъат” исмли шахс билан танишади. Муносабатлар яхшиланганидан фойдаланиб, йигит аёлдан пул бериб туришини сўрайди. Аёл унга жами 42 миллион 274 минг сўм ташлаб беради. Аммо аёл пулларини қайтариб ололмайди.
Шундан кейин у ички ишлар органига бу ҳақда мурожаат қилган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи 23 ёшли А.С. исмли шахс содир этгани аниқланди.
Аниқланишича, А.С. жабрланувчидан пул олишга эришгач, унинг хабарларига жавоб бериш тугул, уни “қора рўйхат”га киритиб ташлаган.
Яна бир ҳолатда Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли Қ.Д. (аёл) “Телеграм” мессенжери орқали танишиб қолган “номаълум шахс” унинг банк картасига киберҳужум бўлаётганини, унинг ҳимоясини таъминлаши ва бунинг олдини олиш мумкинлигини билдириб, аёлнинг банк картасидан жами 6 миллион 231 минг сўм миқдоридаги пулни ечиб олган.
Бу аёл ҳам ички ишлар органига мурожаат қилган. Шу асосда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи 25 ёшли К.Р. жабрланувчи Қ.Д.нинг телефон рақамига сохта хабарлар жўнатиб, уни алдаб “Телеграм” мессенжери орқали банк картаси коди ва смс-хабарномани қўлга киритиб, пулларни ўзлаштиргани маълум бўлди.
ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик марказидан маълум қилишларича, икки ҳолат бўйича ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Қонунга мувофиқ, бундай жиноий ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Н.Абдураимова, ЎзА