Театр томошалари ҳафталиги бошланди
Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида «Театр томошалари ҳафталиги»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда театр директори П.Айтмуратов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Р.Сапарова, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари У.Утегенова, шоира Ш.Пахратдинова йиғилганларни яшариш ва янгиланиш айёми – Наврўз байрами ҳамда театр томошалари ҳафталигининг очилиши билан қутлади.
Аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида миллий маданиятимиз билан театр санъатини кенг тарғиб қилиш, уларни театрларда саҳналаштирилаётган асарлар билан яқиндан таништиришда мазкур ҳафталик муҳим аҳамият касб этади. Тадбир доирасида театр ихлосмандлари нафақат спектакллар томоша қилади, балки турли мавзулардаги давра суҳбатлари, таниқли маданият ходимлари билан учрашувлар, кўргазма ва танловларда иштирок этади.
Жумладан, ҳафталик давомида П.Айтмуратовнинг “Устоз тақдири”, япон драматурги Дзюндзи Киноситанинг “Турна парлари”, инглиз драматурги В.Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта”, П.Айтмуратовнинг “Овулга қайтиш”, К.Рахмановнинг “Тўққиз тўнқилдоқ бир чанқилдоқ” Қорақалпоқ халқ эртаги асосида “Уч дангаса” спектакллари намойиш этилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби А.Жузимбетов ва театршунос, драматург Ж.Хожановнинг “Театр менинг ҳаётимда” ижодий учрашуви, Театр ва актёр” мавзусидаги илмий-амалий семинар, “Энг яхши мақола”, “Энг яхши рассомлик иши”, “Энг яхши рақс санъати” танлови, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби П.Айтмуратов таваллудининг 60 йиллигига бағишланган бадиий кеча, “Парда ортидаги сеҳрли олам” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилади.
Ҳафталикнинг илк кунида томошабинлар Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган «Рассом ва театр» номли расмлар ҳамда «Театр декорациялари ва либослари» кўргазмасини томоша қилди. Сўнг инглиз драматурги Рей Кунининг «Қора дипломат» комедияси тақдим этилди.
[gallery-1697]
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА