«Театр ҳафталиги» кунлари давом этмоқда
Ўзбек миллий академик театрида шоир ва драматург Усмон Азимнинг «Тонг отган томонларда» асари асосида саҳналаштирилган драмаси намойиш этилди.
Саҳна асарида ўғли учун 60 кунлик йўлни олти кунда босиб ўтишга рози она, халқ, миллат йўқолиб кетмаслиги учун қайнотасига ваъда берган келин жасорати ҳақида ҳикоя қилинади.
Спектаклда театрнинг заҳматкаш актёрлари Эркин Комилов, Шоҳида Исмоилова, Меҳриддин Раҳматов, Ҳамид Тошпўлатов, Фарҳод Абдуллаев ва бошқалар роль ижро этган. Саҳна асари таниқли театр режиссёри Асқар Холмўминов раҳбарлигида саҳналаштирилган.
Асар қаҳрамони – тонгли элининг фарзанди Тонгёруғ образида жасур она тимсоли гавдаланади. Асарда тонгли элининг бардошли аёли одамнинг фариштаси, одамнинг улуғи, дея эътироф этилади. Ўғлининг соғлиғини дунёнинг барча мол-мулкларидан афзал билади. Асарда қаҳрамонлар тилидан такрор-такрор айтилган «Ўлимдан барча бошқа нарсанинг иложи бор», деган сўз онанинг аҳволини абгор этади. Чунки она учун фарзанднинг вафотидан-да ортиқ оғир жудолик йўқ эди.
«Театр ҳафталиги» кунлари доирасида текин спектакллар намойиши юртимизнинг барча театрларида 28 мартга қадар давом этади.
Дилобар Маматова, ЎзА