ТДШУ талабалари озарбайжон тилини ўрганишади
Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси ва лойиҳаси билан Тошкент давлат шарқшунослик университети Турк тили факультети қошида озарбайжон тили бўлимини ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева марказ директори Самир Аббосов билан учрашди.

Тадбирда айни масалага алоқадор истиқболли режалар муҳокама қилиниб, атрофлича фикр алмашилди. Бу борада Ўзбекистон ва Озарбайжон томонининг қўллаб-қувватлови зарурлиги қайд этилди.
Гулчеҳра Рихсиева икки давлат раҳбарлари саъй-ҳаракати туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат юксак даражага кўтарилгани, жумладан, таълим соҳасида ҳам сезиларли ютуқларга эришилганини таъкидлади. Бинобарин, 2020 йил ушбу олий ўқув юртида Турк тили факультети ташкил этилиб, айни пайт муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ректор энди мазкур таълим даргоҳида озарбайжон тилини ҳам ўргатиш режалаштирилаётганига урғу бериб, бу йўналишда Озарбайжон томонининг тегишли ёрдами зарурлигини эътироф этди.

Қайд этилишича, 2023 йил февраль ойидан бошлаб Озарбайжон тили бўйича синов тариқасидаги машғулотлар бошланади, янги ўқув йили учун қабул эълон қилинади. Дарслар расмий равишда сентябрь ойидан ўтила бошлаши назарда тутилган.
Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов озарбайжон тилини ўқитиш ғоясини қўллаб-қувватлагани учун Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоасига миннатдорлик билдирди. Марказ дарс ўтиш учун зарур кўргазмали қуроллар, нашрлар, шунингдек ўқитувчи, мутахассислар билан таъминлашда тегишли ёрдам кўрсатишига ишонч билдирди.

Дипломат суҳбат давомида кейинги йил Озарбайжон халқининг буюк фарзанди, Умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллиги кенг нишонланиши, 2023 йил Президент Илҳом Алиев фармони билан мамлакатда “Ҳайдар Алиев йили” сифатида эълон қилинганини айтди.
У Буюк раҳбар Ҳайдар Алиевнинг Озарбайжон – Ўзбекистон дўстлигини мустаҳкамлаш, давлатларимиз ўртасидаги муносабатни юксак савияга ‒ стратегик ҳамкорлик даражасига кўтаришдаги беқиёс хизматларини инобатга олиб, янги очилажак бўлим тингловчилари учун ажратилган аудиторияга Ҳайдар Алиев номини беришни таклиф қилди. Ушбу таклиф университет жамоаси томонидан қабул қилинди.

С.Аббосов “Ҳайдар Алиев аудиторияси”ни жиҳозлаш, хонанинг кўп функцияли тузилмасини шакллантириш, хос кутубхона яратиш, тил ўргатилишини йўлга қўйиш, очиқ дарс, онлайн маърузалар ўтказиш, Озарбайжоннинг ютуқлари, тарихи, давлатчилиги, миллий маданияти ҳақида бурчаклар ташкил этиш, ҳужжатли ва бадиий фильмлар захираси билан таъминлашда марказ амалий кўмак беришини таъкидлади.
Диполомат Озарбайжон тилини ўрганиш мақсадида мутахассислар томонидан махсус онлайн портал очиш, шунингдек, нашрлар чоп этиш бўйича иш олиб борилаётгани билдирди. Яқин орада якунланадиган лойиҳа факультет фаолиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши урғуланди.
Учрашув доирасида машғулотларга мўлжалланган бинолар, шунингдек турк тили факультетида талаба ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда кутубхона кўздан кечирилди. Озарбайжон тили дарслари ўтказиладиган “Ҳайдар Алиев аудиторияси” учун махсус зал танланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА