Тажрибага эга бўлиш ҳар соҳада қўл келди
Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида бўлиб, мазкур тизим фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Божхона ходимлари прокуратура тарихи музейи ҳамда кутубхонасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг шаклланиш босқичлари, бой тарихи ва тажрибаси билан танишиш имконига эга бўлдилар. Айниқса, прокуратура терговчиларнинг назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлаш, касбий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган “Тергов полигони” фаолияти божхона ходимларида катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу полигонда тергов жараёнларининг замонавий усуллари, далиллар билан ишлаш, воқеа жойини кўздан кечириш, таҳлил қилиш ва холис қарор қабул қилиш каби муҳим жиҳатлар амалий мисоллар орқали намойиш этилди. Бу эса иштирокчиларга ўз касбий фаолиятида қўллаш мумкин бўлган қимматли тажриба ва билимларни тақдим этди.
Шу билан бирга намойиш этилган “Тергов — асрлар давомида шаклланган адолат мактаби” номли видео-ролик барчада чуқур таассурот қолдирди. Унда адолат тамойиллари, терговнинг масъулиятли ва мураккаб жараён эканлиги ёрқин мисоллар билан ёритиб берилгани ходимлар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур жараён божхона ходимларининг касбий таянч билимларини янада бойитиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, шунингдек, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА