ТАТУда хорижий экспертлар билан тажриба алмашилди
Замонавий журналистика ва рақамли таълимда халқаро тажриба муҳим.
Бу борада хорижий мутахассислар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг тажрибасини ёшларга етказиш эса янги ғоялар учун муҳим майдон яратади.

Шу мақсадда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида халқаро медиафорум доирасида хорижий экспертлар иштирокида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Озарбайжоннинг етакчи «Report» ахборот агентлиги директори ва бош муҳаррири Фуад Гусейналиев ҳамда Малайзиянинг нуфузли Universiti Teknologi MARA (UiTM) профессори, рақамли таълим ва инновациялар бўйича халқаро мутахассис доктор Бадрул Иса иштирок этди.
Маҳорат дарсида замонавий медиа ва журналистикадаги янги ёндашувлар, халқаро медиа тажрибаси, рақамли таълим имкониятлари ҳамда инновацион технологияларни таълим жараёнига жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Айниқса, бугун ахборотни тезкор етказишнинг ўзи етарли эмаслиги, замонавий журналистдан рақамли воситалардан самарали фойдаланиш, ишончли ахборот билан ишлаш ва аудитория эҳтиёжини англаш каби кўникмалар ҳам талаб этилаётгани таъкидланди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда талабалар хорижий экспертларга ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, медиа соҳасидаги халқаро тажриба билан бевосита танишиш имконига эга бўлди. Меҳмонлар эса иштирокчиларга касбий фаолиятда самарадорликни ошириш, замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берди.
Ташриф доирасида хорижий меҳмонлар ТАТУнинг замонавий инфратузилмаси билан ҳам танишди. Жумладан, илмий марказлар, Олий муҳандислик мактаби, Living Lab ва FabLab, ўқув медиа маркази ҳамда инновацион лабораториялар фаолияти уларда катта қизиқиш уйғотди.
Бундай учрашувлар талабалар учун нафақат янги билим ва тажриба, балки халқаро муҳитда фикрлаш, замонавий касбий ёндашувларни ўзлаштириш ва соҳадаги янги тенденцияларни бевосита мутахассислардан ўрганиш имконини беради.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА