“Tata Steel Chess-2026”: Нодирбек ва Жавоҳир ғолиблик остонасида
Бугун, 1 февраль куни Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида ўтаётган “Tata Steel Chess-2026” турнирининг сўнгги 13-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Турнирнинг “Мастерс” гуруҳида 14 нафар энг маҳоратли шахматчилар орасида етакчиликни давом эттираётган ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров кеча мусобақанинг 12-турида муносиб ўйин намойиш этди ва ғолиблик остонаси сари яна бир ишончли ва муҳим қадамни ташлади

Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда германиялик Маттиас Блюбаум билан куч синашиб, 43-юриш ҳолатида германиялик гроссмейстер мағлуб бўлганини тан олди.
Жавоҳир Синдоров ва ушбу турнирнинг ўтган йилги ғолиби Рамешбабу Праггнанандха ўртасидаги баҳсда ҳамюртимизнинг ҳаракатига бир хил қайтариқ юришни амалга оширган Праггнанандха партияда муроса йўли танланишига эришди.
Мазкур натижалардан сўнг Нодирбек 8 очко билан пешқадамликни мустаҳкамлаган бўлса, Жавоҳир 7,5 очко билан ғолибликка даъвогарлигини давом эттиришга муваффақ бўлди.

Улардан кейинги поғоналарни банд этган нидерландиялик Жорден ван Форест, германиялик Винсент Кеймер, АҚШ вакили Ханс Ниманн ҳисобида 7 очко мавжуд.
Ортда қолган ўйинлар сарҳисобига кўра, ҳамюртларимиздан бири Нодирбек ёки Жавоҳир йилнинг энг нуфузли мусобақаларидан бири ғолиби бўлишга жуда яқин келди.
Бугун “Tata Steel Chess-2026” турнирининг ғолиб ва совриндорлари маълум бўладиган охирги турда Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Арджун Эригайси билан, Жавоҳир Синдоров чехиялик Тай Дай Ван Нгуен билан куч синашади.

Бир қараганда ҳаммаси равшан. Ҳамюртларимизнинг турнир ғолибига айланиш имконияти деярли юз фоиз ҳал этилган. Нодирбек Аржун билан муроса йўлини танласа бас, 1-ўрин нақд.
Бироқ мабодо, кутилмаганда (албатта, бундай бўлишини ҳеч биримиз истамаймиз) Абдусатторов Эригайсига имкониятни бой бериб қўйса, Жавоҳир дурангга эришса, уларни таъқиб этаётган Жорден ван Форест, Винсент Кеймер, Ханс Ниманн рақибларини мағлубиятга учратса, барчасининг очколари 8 тадан иборат бўлиши тайин.

Шундай вазиятда “Мастерс” гуруҳида дона сураётган 14 нафар иштирокчи орасида биронта ўйинда мағлубиятга учрамаган Жавоҳир Синдоров турнир ғолибига айланиши тайин ва бундай ҳолатда қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига Абдусатторов 2-ўринни эгаллайди.
Воқеалар ривожи қай йўсинда давом этишидан қатъий назар эътироф этмоқ лозимки, ҳамюртларимизга Вейк-ан-Зее мусобақаларининг бу йилги ақл ва тафаккур курашлари ҳар қачонгидан ҳам омадли, сермазмун ўтаётгани билан катта аҳамият касб этди. Унинг муваффақиятли юриши кейинги турнирларга руҳий қувват бағишлаши шубҳасиз.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА