Тасвирий ва амалий санъатнинг йирик намойиши
Апрель ойи мамлакатимизда ижодий-маърифий лойиҳаларга бойлиги билан юртдошларимиз ва мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳларга манзур бўлмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан анъанавий ўтказиб келинаётган Халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивали ҳамюртларимиз ва чет эллик меҳмонларга бирдек катта таассурот қолдирадиган ана шундай ижодий лойиҳалардан саналади.
Бу йилги фестиваль "Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили"га бағишланиши билан аҳамиятли.
20-24 апрель кунлари бўлиб ўтадиган ушбу фестиваль мамлакатимизнинг нафис ва амалий санъатида бўлаётган ижодий жараёнлар, янгилик ва ўзгаришларни кенг жамоатчилик, халқимиз ва чет эллик меҳмонларга намойиш этиш, ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун имконият яратиш, ёшлар ижодини фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Фестиваль доирасида ушбу ижодий лойиҳа дастури, унинг аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтади. Фестивалнинг ўзи эса пойтахтимиздаги Шарқ миниатюра санъати музейи боғи ҳудудидаги Камолиддин Беҳзод ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланади.
Марказий кўргазмалар залида фестивалнинг очилиши чин маънода санъат, маърифат, истеъдод байрамига айланиб кетиши аниқ.
Фестиваль доирасида бир қатор кўргазмалар ўтказилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Хуршид Зиёхоновнинг “Шарқ кубизми” номли шахсий кўргазмаси, Тошкент халқаро Кимё университетининг “Либос дизайни” кафедраси талабалари томонидан тайёрланган замонавий ва анъанавий либослар намойиши, Буржу Гюнайнинг “Баҳорий маросимлар” номли шахсий кўргазмаси (Туркия), Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг "Ижод ва технология чорраҳаси: Саноат дизайни" кўргазмаси фестивалга ранг-баранглик бағишлайди.
Франциялик фоторассом Эрик Гурланнинг “Орол денгизи: хотира ва улуғворлик” номли фотокўргазмаси кўпчилик санъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотиши табиий.
Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган замонавий ва анъанавий либослар намойиши, “Россия ва Ўзбекистон маданиятлари мулоқоти” “Арт-карвон” ижодий гуруҳи кўргазмаси ҳам мухлисларга манзур бўлиши шубҳасиз.

Тадбир доирасида хорижлик ижодкорлар Тошкент ва Самарқандга саёҳат қилади. Умуман олганда мазкур фестиваль истиқлол йилларида, айниқса, янгиланиш даврида миллий тасвирий ва амалий санъатимиз йўналишида эришилган юксак натижаларни санъат ихлосманддари ва жаҳонга таништиришда алоҳида аҳамият касб этади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири