Тасвирий санъат таълимида янги адабиётлар
Ўзбекистон Бадиий академияси анжуманлар залида Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб интернатлари учун 2022-2023 йилларда чоп этилган дастлабки ўқув адабиётлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бадиий таълим йўналишида туб ўзгаришларга ҳуқуқий асос бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилдаги “Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб интернатларининг мутахассислик фанлари бўйича янги авлод дарсликлари ўқув методик қўлланмалар, каталог-альбомлар ва материалларни тайёрлаш ҳамда чоп этиш режа жадвали”га мувофиқ 2026 йилга қадар 144 номда ўқув адабиётларни яратиш ва чоп этиш рўйхати тасдиқланиб, жараёнга киришилди.

Ушбу амалиётнинг муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистонда тасвирий санъатга ихтисослашган мактаблар учун бадиий таълим йўналишида биринчи маротаба мутахассислик фанларидан ўқув адабиётлари чоп этила бошланди.
Шу боис муаллифлар таркибига тажрибали соҳа мутахассислари ва ўқитувчилар билан бирга иқтидорли ёш ўқитувчилар ҳам жалб қилинди.
Режа бўйича муаллифлар томонидан 2022 йил учун дастлаб 17 номдаги ўқув қўлланмалар қўлёзмалари тайёрланиб, чоп этиш мақсадида тендер танловига ҳавола этилди.

Улардан 4 номдагиси “LESSONPRESS”, 13 номдагиси “ART VERNISSAGE” нашриёти томонидан нашрга тайёрланди.
Тадбирда бадиий таълимга оид янги адабиётлар хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА