Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукн орқали Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчилар томонидан иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Буюк Британия. Юртимизнинг Лондондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов “VSO International” халқаро ташкилоти ижрочи директори Кэтрин Гордон билан учрашув ўтказди.
Ўзаро мулоқотда Ўзбекистон ва “VSO International” ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инглиз тили таълимини ривожлантириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда таълим тизимига халқаро тажрибани жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилган қўшма дастурлар ва ташкилотнинг ўлкамиздаги фаолиятини янада кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Германия. Берлиндаги дипломатимиз Дилшод Ахатов ГФР Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ва Тинч океани минтақаси департаменти директори Франк Хартманн билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон–Германия муносабатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа долзарб йўналишлари, шунингдек, икки томонлама алоқалар кун тартибидаги тадбирлар ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Польша. Диёримизнинг Варшавадаги элчихонаси кўмагида жорий йил 10 июль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги ўзбек тадбиркорлари делегациясининг ушбу ўлкага амалий ташрифи ташкил этилди.
Сафар доирасида Польша Миллий савдо палатаси биносида ўтказилган бизнес-форумда Ўзбекистон ва Польшадан 200 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

БАА. Абу-Дабидаги элчимиз Умид Шодиев “Abu Dhabi Chamber of Commerce and Industry” бош директори Али Муҳаммад Ал Марзуқий билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва БАА ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА