Ташқи дипломатия
ЎзА “Ташқи дипломатия” рукни орқали давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчиларимиз томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Япония: Ўзбекистоннинг Токио шаҳридаги элчихонасида дипломатимиз Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ва “Sojitz Corporation” компанияси бош операцион директори Такефуми Нишикава ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Ўзаро мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, компания томонидан юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган келгуси лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

Янги Зеландия:Веллингтон шаҳридаги “Government House” қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчиси Алишер Қаюмов Янги Зеландияда ўриндошлик асосидаги элчи сифатида ушбу давлат Генерал-губернатори Дейм Синди Кирога ишонч ёрлиқларини топширди.Маросим давомида элчи маори халқига хос анъаналар асосида тантанали кутиб олинди. Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Янги Зеландия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, сиёсий, савдо-иқтисодий, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Дейм Синди Киро Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Италия: “Италия – Марказий Осиё (C5) + Озарбайжон” халқаро форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Италия Республикаси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат суверенитети ва ўрмон хўжалиги вазири Франческо Лоллобриджида билан учрашув ўтказди.
Учрашувда аграр соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва Италия тажрибасини ўлкамизда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, илм-фан ва таълим соҳасида ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Италиянинг нуфузли университетлари билан қўшма дастурлар ва илмий тадқиқотларни кенгайтириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Германия: Элчи Дилшод Ахатов Саксония федерал ўлкаси Тўқимачилик институти (STFI)нинг илмий ишлар бўйича директори Петер Пенцик билан замонавий текстиль технологиялари бўйича кадрлар тайёрлашга бағишланган учрашув ўтказди. Мулоқотда соҳадаги мутахассислар малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, учрашув давомида институтнинг тадқиқот лабораторияси фаолияти билан танишилди.

Франция: Париждаги элчимиз Нодир Ғаниев Франция Сенатининг Ташқи ишлар, мудофаа ва Европа ишлари комиссияси аъзоси, сенатор Валери Бойе бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Ўзаро мулоқот давомида парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш ва амалий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, музокараларнинг муҳим қисми жорий йилнинг апрель ойида Франция Сенати делегациясининг Ўзбекистонга режалаштирилган ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланди.

Буюк Британия: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги делегациянинг Лондондаги ташрифи доирасида ўлкамиз элчихонаси кўмаги билан икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.
Учрашувда Британия Савдо палатасининг аъзолик ва халқаро алоқалар бўйича директори Анна-Мария Мартин, Лондон Савдо палатаси бош директори Карим Фатехи, Мусулмонлар савдо форуми раиси Иқбол Сакрани ҳамда Сафолк графлиги Савдо палатаси халқаро савдо бўлими раҳбари Кояс Мия иштирок этди.
Ф.Яхшибоева тайёрлади.
ЎзА