Ташландиқ ҳолга келган истироҳат боғи қайта обод қилинмоқда
Бундан роппа-роса 10 йил аввал Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳридаги дарё соҳили ва қадимий кўприк атрофи замонавий қиёфа касб этган эди. Ҳудуд реконструкция қилингач, кўприк Амир Темур кўприги, дея номланиб, дарёда тўғонлар барпо этилди ва катерлар саёҳати йўлга қўйилди. Соҳил бўйида эса кўркам хиёбон ташкил этилди.
Ўша пайтда бу ерда аҳоли ҳордиқ чиқариши учун зарур шароитлар яратилган, турли аттракционлар, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқа кўнгилочар хизматлар фаолияти йўлга қўйилган эди.
Бироқ орадан кўп ўтмай ҳудуддаги файз тарқала бошлади. Дарёда сув сатҳи пасайиб, катерлар ҳаракати тўхтади, умумий овқатланиш шохобчалари ёпилди. Хиёбон эса аста-секин қаровсиз ҳолга келиб, ташландиқ ҳудудга айланди.

Мазкур ҳолат юзасидан оммавий ахборот воситаларида танқидий материаллар ҳам эълон қилинган. Зеро, бир вақтлар аҳоли гавжум бўлган масканнинг эътиборсизлик туфайли қаровсиз ҳолга келиши, бу ҳудудни обод қилиш учун сарфланган меҳнат ва маблағларнинг самарасиз бўлиб қолиши жамоатчиликда ҳақли саволлар туғдирган эди.
Эътиборлиси, энди соҳил бўйидаги хиёбонга яна ҳаёт қайтарилмоқда.

Айни пайтда ҳудудни тозалаш, чиқинди ва хас-хашакларни олиб чиқиш, сайр йўлакларини тартибга келтириш ишлари олиб борилмоқда. Боғдаги панжаралар, декоратив ҳайкалчалар, ўйинчоқлар ва бошқа иншоотлар таъмирланиб, бўялмоқда.
Шунингдек, яшил майдонларни парваришлаш ва суғориш тизимини янгилаш, тунги ёритиш чироқларини таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Қарши шаҳар ҳокимлиги масъулларининг маълум қилишича, ободонлаштириш ишлари якунига етгач, соҳил бўйидаги ҳудуд аҳоли учун яна қулай ва кўркам дам олиш масканига айлантирилади.
Муҳими, бир вақтлар ташландиқ ҳолга келиб қолган бу ҳудудга яна ҳаёт қайтаришга ҳаракат бошланди. Энди асосий масала яратилган шароитларни асраш, улардан самарали фойдаланиш ва масканни яна йиллар давомида аҳолига хизмат қиладиган даражада сақлашдир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири