Тармоқлар мавсумга шай ҳолга келтирилмоқда
Куз-қиш мавсумида аҳолини барқарор энергия манбалари билан таъминлаш коммунал идораларнинг қай даражасидаги тараддуд кўрганига бевосита чамбарчас боғлиқ.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиали вилоят ҳамда тегишли ҳудудларда электр энергиясини узатиш тизимининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида кенг кўламли электр хўжалигига хизмат кўрсатади.
Бугунги кунда филиал тасарруфида жами 216 подстанция бўлиб, уларнинг умумий қуввати 4617,86 МВА ни ташкил этади. Шунингдек, 35, 110, 220 ва 500 кВ кучланишдаги электр узатиш ҳаво тармоқларининг умумий узунлиги 3 067,076 километрдан иборат.

Барча жойларда бўлгани сингари «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиалида ҳам куз-қиш мавсумини барқарор ва талофатларсиз ўтказишга қаратилган пухта тайёргарлик кўрилди. Бу борада электр қурилмалари, электр узатиш ҳаво тармоқлари ҳамда бино-иншоотларни мавсумга тайёрлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ҳозирга қадар ижроси доирасида қатор ишлар қилинди.
Хусусан, шу йилнинг февраль–сентябрь ойлари давомида электр ускуналари ва электр узатиш ҳаво тармоқларида кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мукаммал таъмирлаш ишлари натижасида 110 кВ кучланишли олти трансформатор, 500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларининг 11,4 километри, 220 кВ кучланишли ҳаво тармоқларининг 4, 110 кВ кучланишли ҳаво тармоқларининг 200,54, 35 кВ кучланишли ҳаво тармоқларининг эса 79,14 километр қисмлари таъмирланди. 220 кВ кучланишли битта, 110 кВ кучланишли 15 ва 35 кВ кучланишли 53 та ўчиргичлар мукаммал таъмирланди.

Жорий таъмирлаш ишлари бўйича ҳам белгиланган режалар тўлиқ бажарилди. Жумладан, 336 трансформатор, 220–110–35 кВ кучланишли 541 ўчиргич ва 500–220–110–35 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларининг 2 минг 744,6 километр қисми жорий таъмирдан чиқарилди.
Ўз навбатида, электр узатиш ҳаво тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлаш ва фавқулодда ўчишларнинг олдини олиш мақсадида тармоқларнинг муҳофаза майдонларида ҳам зарур ишлар бажарилди. 522 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари яқинида ўсиб, тармоқларга хавф туғдираётган дарахт шох-шаббалари тозаланиб, фавқулодда ўчишлар ва технологик йўқотишларни камайтиришга қаратилган чоралар кўрилди.

– Эътиборга молик натижаларимиздан бири шундаки, электр узатиш ҳаво тармоқларида маънан ва жисмонан эскирган изоляторлар янгиларига алмаштирилди, – деди "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамиятининг "Наманган магистрал электр тармоқлари" филиали директори Равшан Ибрагимов. – Электр узатиш тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида қушлар қўнишига қарши 358 мослама ўрнатилди.
Қайд этиш жоизки, куз-қиш мавсумида электр энергиясига бўлган талаб ортади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, аввалги мавсумда юкламаси юқори бўлган подстанцияларда трансформаторлар қувватини ошириш ишлари амалга оширилди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 сентябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган дастур асосида Давлатобод туманидаги 110 кВ кучланишли подстанцияда модернизация ишлари амалга оширилди. Ушбу подстанциядаги 6 минг 300 кВА қувватли иккита трансформатор 25 минг кВА қувватли трансформаторларга алмаштирилди. Шунингдек, КРУН-10 кВ ва бошқа асосий ускуналар янгиланиб, подстанциянинг умумий қуввати 50 минг кВАга етказилди.

Бундан ташқари, Норин тумани ҳудудидан ўтувчи 110 кВ кучланишли «Хаққулобод-1» электр узатиш тармоғининг 35,5 километр қисми модернизация қилинди. Ушбу ишлар натижасида жами 98,9 МВА қўшимча қувват яратилди. Бу эса Наманган шаҳри, Уйчи, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Норин, Давлатобод ва Поп туманларидаги аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларини электр энергияси билан ишончли таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, амалга оширилган мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари, электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш, эскирган ускуналарни янгилаш ҳамда подстанциялар қувватини ошириш орқали куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган ортиқча юкламаларни камайтириш ва электр таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг натижасида «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиали тасарруфидаги электр қурилмалари жорий куз-қиш мавсумини талофатларсиз ўтказиш учун шай ҳолатга келтирилди.

Бинобарин, келгусида ҳам электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларнинг ишончли ишлашини таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлашга қаратилган ишлар давом эттирилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири