Тарихнинг биз билмаган саҳифалари
Андижон давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Рустамбек Шамсиддинов томонидан олиб борилган тадқиқотлар, ўрганишлар натижасида юртимизнинг совет давридаги тарихи, айниқса, қатағон қурбонлари ҳаёти ва тақдирига оид жуда кўп маълумотлар жамланди.
Олимнинг Россия Федерацияси Президенти архивида олиб борган ўрганишлари натижасида 1924-1953 йилларда собиқ Совет иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин қабулида бўлган Ўзбекистон раҳбарлари ҳақида маълумотлар аниқланди. Бу ҳақда Сталин қабулида бўлган ва давлат раҳбари қабулхонаси навбатчи котиблари томонидан қайд этиб борилган рўйхат асосида Москвадаги “Новый хронограф” нашриётида чоп этилган “Сталин қабулида” (“На приёме у Сталина”) номли китобда ҳам маълумотлар келтирилган.
Иосиф Сталин 1922 йилнинг апрелида РКП(б) Марказий Комитетининг бош котиби лавозимига сайланган. Ушбу вазифада иш бошлаган дастлабки йилларданоқ, давлат аҳамиятига молик бирор бир масала Сталиннинг иштироки ва розилигисиз амалга ошмаган. Қолаверса, Сталин мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган жуда кўп фуқароларни қабул қилган. Айрим пайтларда у бир кунда 40 нафаргача кишини қабул қилганлиги, ҳатто қабуллар тонггача давом этганлиги манбаларда қайд этилади.
Профессор Рустамбек Шамсиддиновнинг таъкидлашича, ўз даврида Ўзбекистонда турли раҳбарлик вазифаларида ишлаган 20 дан ортиқ киши турли масалалар юзасидан Сталин қабулида бўлган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, масалан, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Акмал Икромов энг кўп – 14 марта Сталин қабулида бўлган Ўзбекистон раҳбаридир.
Умуман, турли йилларда Ўзбекистон (Туркистон)да турли раҳбарлик вазифаларида фаолият юритган Турор Рисқулов икки марта, Файзулла Хўжаев беш марта, Султонбек Хўжанов икки марта, Абдужаббор Абдураҳмонов икки марта, Султон Сегизбоев бир марта, А. Раҳимбоев бир марта, Усмон Юсупов 13 марта, Иномжон Хидиралиев икки марта турли масалалар юзасидан Сталин қабулида бўлган.
Иосиф Сталин иттифоқ таркибидаги республикалар раҳбарларига, миллий ходимларга нисбатан талабчан ва эътиборли бўлганлиги айтилади. Масалан, у таниқли давлат арбоби Иномжон Хидиралиевга алоҳида ҳурмат билан қараган.
Сталин Иномжон Хидиралиев билан биринчи бор 1921 йилда бўлиб ўтган партиянинг Х съездида кўришган. Ўшанда Кронштадтда аксилинқилобий исён кўтарилиши муносабати билан уни бостириш учун съезд делегатларидан 300 нафари сафарбар қилинган. Улар орасида И.Хидиралиев ҳам бўлган. Жанглардан бирида у чап оёғидан яраланган, маълум вақтдан кейин унинг оёғи кесиб ташланган эди.
1922 йил октябрида айнан Сталиннинг таклифи билан қўлтиқтаёқлик И.Хидиралиев Бутунтуркистон Марказий Ижроия Комитетининг раиси лавозимига сайланади.
И. Хидиралиевнинг Сталин билан навбатдаги учрашуви 1923 йил Москвада РКП(б) Марказий Комитетининг миллий республикалар ва областлар масъул ҳодимлари билан ўтказган тўртинчи кенгашида юз берган. Ўшанда И. Хидиралиев кенгашда кўрилган масалалар, шунингдек, Туркистон Республикасидаги ҳарбий ҳаракатлар натижасида келиб чиқадиган очарчилик оқибатларини бартараф этиш бўйича нутқ сўзлаган.
Кейинчалик Туркистонга марказдан келган айрим раҳбарларнинг ташаббуси билан И.Хидиралиевни раҳбарлик лавозимларидан маҳрум қилиш учун Марказқўмга кўп бор хат юборилган. Бундан хабар топган Сталин 1924 йил 26 мартида ВКП (б) Марказий Комитети Ўрта Осиё бюроси раиси, Туркистон Компартияси Марказий Комитетининг масъул секретарига хат юборади. Хатда Туркистондаги “сўллар” Иномжон Хидиралиевни раҳбарлик лавозимларидан маҳрум қилиш масаласини қўйганини айтиб, бунга асло йўл қўйиб бўлмаслигини, Иномжон Хидиралиевдек билимдон ва тажрибали ҳодимдан Туркистонда фойдаланмаслик жиноят, уни раҳбарлик лавозимидан олиш учун қилинаётган барча ҳаракатларга чек қўйиш кераклиги алоҳида таъкидланган эди.
Иосиф Сталиннинг И.Хидиралиевга бўлган ишончи ва ҳурматини яна бир ҳужжатда кўриш мумкин. 1924 йил апрель-август ойларида Лондонда совет-англия дипломатик конференцияси ўтказилади. Конференцияда иштирок этувчи совет делегацияси таркибига Иномжон Хидиралиев ҳам киритилган эди. Аммо Иномжон Хидиралиев қўлтиқтаёқда юриши ҳисобга олиниб, унга протез оёқ қўйиш, бироқ ўша пайтда иттифоқда протез йўқлиги, уни фақат хориждан олиб келиш мумкинлиги, протезни сотиб олиш учун давлат томонидан 500 рубль ажратилиши сўраб ёзилган илтимоснома ижобий ҳал этилади.. И. Хидиралиев учун хориждан протез келтирилган.
Андижон давлат университетидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейида Ўзбекистон раҳбарлари қачон, қайси вақтда Сталин қабулида бўлганлиги қайд этилган ҳужжатлардан нусхалар сақланмоқда.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА