Тарихий ёдгорликларга бефарқлик келажакка бефарқликдир
Шаҳрисабз — бу ўзбек халқининг тарихий ғурури, маданий хотираси ва миллий ўзлигимиз рамзий манзили.
Ҳар бир тош, ҳар бир ёзув бу ерда ўтмиш билан бугуннинг суҳбати, келажак авлодга қолдирилган васиятдир. Аммо бунда кўнгилни хижил қиладиган манзарага дуч келамиз. Гап шундаки, шаҳардаги маълуму машҳур хиёбон марказида қад ростлаган Соҳибқирон ҳайкали остидаги барельефли ёдгорлик лавҳаси ёзувларининг айрим ҳарфлари тушиб қолган, айримлари эса ўчиб кетган.
Мана, Шаҳрисабзга келган бир гуруҳ хорижий сайёҳлар ҳайкал атрофида тўхтаб, лавҳадаги ёзувни ўқишга уринаётир. Улар орасида бир немис аёл ёзувдаги “Амир Темур” ва “Ўзбекистон” жумлаларидаги тушиб қолган ҳарфларни кўриб, ҳайрат билан шундай деди:
- Бу ерда тарих ёдгорлиги бор, лекин ёзувлар худди унутилган хотира каби сўниб кетган. Бу Амир Темурга нисбатан ҳурматсизлик эмасми?
Унинг сўзлари маҳаллий ёшлар орасида жимликка сабаб бўлди. Чунки бу савол юзимизга тутилган ойна эди. Тарихий обидалар фақат тошдан қурилмайди. Улар эътибор, ғурур ва хотира билан мустаҳкамланади. Барельеф ёзувлар — бу ҳайкалнинг овози. Улар ўчса, тарихга сукутга чўмади.
[gallery-25513]
Бошқа мамлакатларда бундай ҳолатга йўл қўйилмайди. Францияда ҳар бир тарихий обида “monument historique” деб эълон қилинади ва махсус реставрация фондлари ажратилади. Германияда вандализм жиноят деб ҳисобланади. Японияда эса ҳар бир обида атрофида таълимий белгилар, видеокузатув ва жамоавий ҳимоя тизими мавжуд. Бизда-чи?
Тарихий ёдгорликларга бефарқлик келажакка бефарқликдир.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ, ЎзА