Тарих ва замонавийлик уйғунлашган маскан хорижий парламентарийлар эътирофида
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Мустақил Ўзбекистон — 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда. Мазкур конференция доирасида Ислом цивилизацияси марказида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ва эришган ютуқларига бағишланган фотоэкспозиция ташкил этилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, Беларусь, Грузия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Қирғизистон парламентлари аъзолари иштирок этди.
Дастлаб меҳмонларга Ўзбекистон ҳудудидаги исломгача бўлган давр тарихи, ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, буюк алломалар мероси, миллий маданий бойликлар ҳамда мамлакатнинг илмий-маърифий салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилган йирик стратегик мегалойиҳа ҳисобланади. Ислом цивилизацияси маркази нафақат меъморий жиҳатдан ноёб иншоот, балки Шарқ ва Ғарб цивилизацияларини боғловчи рамзий кўприк сифатида юксак баҳоланмоқда. Мазкур марказ янги Ўзбекистоннинг ўзига хос платформаси сифатида илм-фан салоҳияти, бой маданий мерос ва замонавий технологияларни ягона маконда уйғунлаштиришга қаратилган.
[gallery-30867]
Меҳмонлар Ислом цивилизацияси марказининг заллари, унда акс этган кўргазмалар билан яқиндан танишди. Марказ дунёдаги энг йирик ислом цивилизацияси музейи номинацияси бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига киритилгани айтиб ўтилди.
Ислом цивилизацияси маркази — замонавий технологиялар ва тарих уйғунлашган маскан. Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даври алломалари, буюк аждодларимизнинг бой мероси билан бирга, Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик шонли тарихи, шу давр мобайнида босиб ўтилган тараққиёт йўли, айниқса, кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг жамият ҳаётидаги амалий натижалари кенг жамоатчиликка ёрқин ва таъсирчан тарзда намойиш этилган.
Шунингдек, янги шаҳарсозлик лойиҳалари, замонавий турар жойлар, таълим ва спорт объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари, мамлакатдаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари замонавий технологиялар асосида намойиш этилган.
Экспозицияларда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ташқи алоқаларининг кенгайиб бораётгани, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётгани, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар ўз ифодасини топган.
Ислом цивилизацияси маркази бўйлаб экскурция давомида хорижлик меҳмонлар, парламентарийлар бой тарихимиз, юртимизнинг ислом оламидаги ўрни ҳамда Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёт йўллари ва эришган натижаларини алоҳида эътироф этди.
Осман МЕСТЕН,
Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, “Туркия-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи ҳамраиси:
— Ўзбекистон мустақиллик йилларида катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги ўн йилда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатни сифат жиҳатидан янги тараққиёт босқичига олиб чиқди.
Бугун бу ўзгаришларни туризм ва тарихий меросни асрашдан тортиб, технологиялар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа муҳим соҳаларда ҳам яққол кўриш мумкин. Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини дунёга кенг намойиш этиш борасидаги ишлар ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.
Мен мамнуният билан шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон очиқлик сари юриши натижасида нафақат Марказий Осиё давлатлари ёки Яқин Шарқ, балки Европа Иттифоқи, Америка Қўшма Штатлари, Япония — умуман, дунёнинг ҳар бир тинчликсевар давлатлари билан жуда прагматик, тинчликсевар сиёсат юритяпти. Буни биз янгиланган Конституцияда ҳам кўришимиз мумкин.
Сўнгги ўн йил Туркия — Ўзбекистон муносабатларида ҳам янги даврни бошлаб берди. Президент Режеп Таййип Эрдўған ва Президент Шавкат Мирзиёев ўртасидаги ўзаро ишонч ва самимий дўстлик парламентлараро ҳамкорлик ривожига ҳам кучли туртки бермоқда.
Ўзбекистон турк дунёси ва ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бирига айланиб улгурган. Бугун қардош Ўзбекистон буюк тарихий меросига таянган ҳолда, кенг кўламли ислоҳотлар орқали ўзининг янги тараққиёт тарихини яратмоқда.
Нодир Жумаев,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси:
— Ислом цивилизацияси марказида янги Ўзбекистонда инсон қадри ва аҳоли фаровонлигига қаратилган иқтисодий-ижтимоий сиёсат натижасида амалга оширилган улкан ислоҳотларнинг фотокўргазмаси намойиш этилмоқда. Буни бевосита “Янги Ўзбекистон солномаси” деб атай оламиз.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги ўн йиллик давомида янги Ўзбекистонда саноат соҳасида, қишлоқ хўжалиги, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт — барча соҳалардаги улкан ислоҳотлар негизида айнан демократик давлат яратиш, парламентаризмни янги босқичга олиб чиқиш ва қонун устуворлигини таъминлаш сиёсати ётибди.
Туркия, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва бошқа кўплаб давлатлардан келган меҳмонлар янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг айнан солномасини ўз кўзлари билан рақамли платформалар орқали, қадимий экспозициялар орқали кўриб, эътироф этишмоқда.
Муҳтарама Комилова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА