Тарих ва бугун уйғунлашган саёҳат
Меҳнат фахрийлари ва ишлаётган пенсионерлар учун ташкил этилган маданий-маърифий саёҳат иштирокчиларга Сирдарёнинг бой тарихий мероси, сайёҳлик салоҳияти ва замонавий масканлари билан яқиндан танишиш имконини берди. Тарихий экспонатлар, қадимий шаҳар харобалари ва замонавий соғломлаштириш маскани бир кунлик саёҳатни мазмунан бойитди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида ташкил этилган тадбирда касаба уюшмалари тизимида кўп йиллар меҳнат қилган фахрийлар ҳамда бугун ҳам фаолият юритаётган пенсионерлар иштирок этишди.
Саёҳатнинг дастлабки манзили — Сирдарё вилояти Тарих ва маданият давлат музейи бўлди. Ташриф давомида иштирокчилар воҳа тарихининг турли даврларига оид археологик топилмалар, этнографик ашёлар, миллий қадриятлар ва тарихий ҳужжатлар билан танишишди.
1990 йил 13 декабрда ташкил этилган музей фондида 3 минг 434 та экспонат сақланади. Уларнинг 1 минг 810 таси асосий, 1 минг 624 таси ёрдамчи фондга киритилган.
Экспозициядан энеолит даврига мансуб тош ўқ учлари, милоддан аввалги IX–VII асрларга оид сопол муҳрлар, антик даврга тегишли Анахита ҳайкалчаси, бронза даврига оид тош дон янчгич, X–XI асрларга мансуб тангалар, сопол кўзалар, хумлар, идишлар ва бошқа ноёб ашёлар ўрин олган.
— Музейдаги ҳар бир экспонат Сирдарёнинг муайян бир тарихий давридан дарак беради. Фондни бойитиш, мавжуд ашёларни асраш ва илмий ўрганиш ишлари мунтазам давом эттирилмоқда. Археологлар билан ҳамкорликда Ховос тепаликларида олиб борилаётган тадқиқотлар натижасида янги топилмалар аниқланмоқда. Бу эса воҳа тарихини янада чуқурроқ ўрганиш имконини бермоқда, — дейди музейнинг етакчи мутахассиси Алишер Йўлдошев.
[gallery-30769]
Музейдаги тарихий хазина билан танишувдан сўнг саёҳатчиларнинг кейинги манзили — Ховос туманидаги Эски Ховос тепалиги бўлди. Қадимда муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашган мазкур маскан Сирдарёнинг энг қадимий тарихий ёдгорликларидан бири ҳисобланади.
Тарихий маълумотларга кўра, бу ҳудуд милоддан аввалги IV асрдан милодий X асрга қадар Фарғона, Чоч ва Сўғдни боғлаган савдо йўллари чорраҳасида жойлашган. Шу жиҳатдан Эски Ховос нафақат тарихий ёдгорлик, балки қадимги савдо ва маданий алоқаларни ўзида мужассам этган муҳим манзиллардан биридир.
Археологик қазишмалар жараёнида бу ердан милоддан аввалги III–II асрларга оид Анахита ҳайкалчаси, X–XI асрларга мансуб тангалар, XII асрга оид Ҳумо қуши тасвири туширилган чироқ дастаси, махсус симоб идишчаси, турли даврларга оид муҳрлар, хурмача-кўзалар ва нақшли идиш-товоқ бўлаклари каби кўплаб осори атиқалар топилган.
2019–2020 йилларда ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида Ховос туманида «Ўлкашунослик музейи» ташкил этилди. Айни пайтда археологик изланишлар давомида топилган 7 мингдан зиёд тарихий ашёнинг асосий қисми ушбу музейда сақланмоқда.
Ховоснинг 2 минг 500 йилдан зиёд тарихга эга экани, ҳудудда қадимда 28 та табаррук қадамжо бўлгани ва улардан 12 таси бугунга қадар сақлангани унинг сайёҳлик салоҳияти юқори эканидан далолат беради.
— Сирдарёда яшаб, ўз вилоятида бундай қадимий тарихий манзиллар борлигини бугун яқиндан билиб олдим. Айниқса, Эски Ховоснинг Буюк ипак йўли чорраҳасидаги муҳим манзиллардан бири бўлгани қизиқ. «Кўҳна Ховос» зиёратгоҳи ва археологик ёдгорликлар мажмуаси катта тарихий аҳамиятга эга. Бу масканни кенг тарғиб қилиш, сайёҳлар учун янада жозибадор манзилга айлантириш муҳим, — дейди меҳнат фахрийси Назира Бойқулова.
Қадимий Ховоснинг тарихий нафаси билан танишган саёҳатчиларнинг кейинги йўналиши замонавийлик сари бурилди. Саёҳатнинг сўнгги манзили — Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Янгиер санаторийси бўлди.
2019 йилда реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган мазкур мажмуа 85 миллиард сўмлик лойиҳа асосида барпо этилган. 230 ўринга мўлжалланган санаторийнинг умумий майдони 32,3 гектарни ташкил этади. Бу ерда замонавий тиббий ва маиший инфратузилма яратилган. Электр, табиий газ, ичимлик суви, алоқа ва канализация тизимлари янгиланган. Ҳудудда хавфсизликни таъминлаш мақсадида 34 та кузатув камераси ўрнатилган.
Санаторий ҳудудининг ободонлиги ва кўкаламзорлиги ҳам эътибордан четда қолмаган. Бу ерга 3 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт, шунингдек, турли гул кўчатлари экилган. Электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2 та янги ГКТП трансформатори ўрнатилган.
— Сирдарёда бундай замонавий санаторий борлигини билмас эканман. Оқтош ва Чимён санаторийларида бўлганман. Бу ердаги шароитлар ҳам улардан қолишмайди. Муолажа олиш учун зарур имкониятлар, эрталабки ва кечки сайрлар учун соя-салқин масканлар яратилган. Таассуротларим жуда яхши. Кейинги сафар йўлланмани айнан Янгиер санаторийсига олиш ниятидаман, — дейди меҳнат фахрийси Фарҳод Бойназаров.
Тадбир давомида иштирокчилар нафақат тарихий ва маданий мерос билан танишди, балки юртдошларимиз, хусусан, меҳнат фахрийлари учун яратилаётган замонавий дам олиш ва соғломлаштириш имкониятларини ҳам кўздан кечирди.
Мазкур саёҳатнинг аҳамияти ҳам шунда — у кеча ва бугунни бир нуқтада уйғунлаштирди. Музейда асраб-авайланаётган тарихий хазина, Эски Ховос тепалигидаги қадимий шаҳар излари ва Янгиер санаторийсидаги замонавий шароитлар Сирдарёнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этди.
Зеро, тарихни англаш — бугунни қадрлашга, бугунги тараққиётни кўриш эса келажакка ишонч билан қарашга ундайди. Сирдарёнинг тарихий манзиллари ва замонавий масканларини қамраб олган ушбу саёҳат иштирокчилар учун оддий бир сафар эмас, балки воҳанинг бой ўтмиши ва бугунги салоҳиятини ҳис этиш имконини берган мазмунли маърифий тадбир бўлди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА