Тарғиботчи фаолияти қандай бўлиши керак?
Андижонда умумтаълим мактабларида ижодий-маданий муҳитни такомиллаштиришда тарғиботчининг вазифаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон шаҳар бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Андижон шаҳридаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иштирок этди.
Бугун умумтаълим мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари қай даражада иш олиб бормоқда, зиммаларига юклатилган вазифаларни қай даражада уддаламоқда, уларни қандай муаммолар қийнамоқда, ўтган давр мобайнида қандай натижаларга эришилди?
[gallery-5414]
Семинар-тренингда ана шу масалалар хусусида сўз юритилиб, амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
– Мактаблардаги ижодий-маънавий муҳитни яхшилаш, ижодкор ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасида кўплаб тарғиботчилар самарали фаолият юритмоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Махпурахон Ортиқова. – Лекин ўз ишига масъулиятсизлик билан қараётган, шунингдек, умуман лаёқати бўлмасдан шу вазифада ишлаётганлар ҳам йўқ эмас. Мақсадимиз тарғиботчиларга, умуман, мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини оширишга кўмаклашишдир.
Тадбирда мутасаддилар ҳамда иштирокчилар томонидан тарғиботчилар фаолиятини кучайтириш, ижодкор ўқувчилар билан ишлаш самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Ташкилотчилар томонидан бу каби семинар-тренингларни вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказиш белгиланган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА