Тарғибот тадбирлари ижобий натижалар беради
Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ерларни муҳофаза қилиш ҳамда ер қонунчилиги талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Шундай бўлса-да, айрим ҳолларда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилишларни амалга ошириш ва ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Бу эса ер фондидан самарали фойдаланишга салбий таъсир кўрсатиб, қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чораларини қўллашга асос бўлмоқда.
Жумладан, Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси ҳамда унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан 2026 йилнинг ўтган 5 ойи давомида вилоятда ер қонунчилигига риоя этилиши бўйича ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 1 минг 403 та ҳолатда 79,02 гектар ер майдони билан боғлиқ қонунбузилишлар аниқланди.
– Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга огоҳлантириш хатлари ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборилди, – дейди Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ботиржон Мирзаҳмедов. – Натижада 1 минг 110 та қонунбузилиш ҳолати фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди. Бундан ташқари, 79 та ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар суд органларига юборилган бўлса, 27 та ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишлар якунига кўра, уларда жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли тўпланган материаллар прокуратура органларига тақдим этилди.
Назорат тадбирлари давомида 1 минг 112 та ҳолатда 134,06 гектар ер майдонидан мақсадсиз фойдаланилганлиги аниқланиб, шундан 1 минг 99 та ҳолат бўйича 131,51 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилди. Қолган 13 та ҳолат бўйича туман ҳокимликларига тақдимномалар киритилди.
Ер қонунчилиги талабларини бузган шахсларга нисбатан 1 минг 885 та маъмурий баённома расмийлаштирилди, 721 та ҳолатда маъмурий жарималар қўлланилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан “Ўзбеккосмос” агентлиги тақдим этган маълумотлар асосида вилоятдаги 13 минг 762 та объект ўрганилди.
Натижада 720 та ҳолатда ерларни ўзбошимчалик билан эгалланганлиги, 99 та ҳолатда ер тузиш лойиҳаларидан четга чиқилганлиги, 330 та ҳолатда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги аниқланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.