“Тарғибот поезди” Тошкент вилоятида
Ўзбекистон Республикаси Конституциясини чуқур ва ҳар томонлама ўқиб-ўрганишимиз, унга амал қилишимиз ҳар бир фуқаронинг кундалик вазифасидир.
Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг Конституцияга оид билимларини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларга ёшларнинг фаол жалб қилинишига асосий мақсад сифатида қаралмоғи зарур.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан Адлия вазирлиги ва Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида ҳудудларда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” шиори остида “Тарғибот поезди” лойиҳаси ўтказилмоқда.
“Тарғибот поезди”нинг навбатдаги манзили Тошкент вилояти бўлди.
– Адлия бошқармаси, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчи ва талабаларидан иборат гуруҳ аъзолари иштирокида Тошкент давлат техника университети ва Миллий технологик тадқиқотлар университетининг Олмалиқ шаҳридаги филиаллари, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нурафшон филиали, юридик техникум ва 2-сонли касб-ҳунар коллежида учрашувлар ўтказилди, – дейди адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Дилшод Турдимуҳаммадиев.
Тадбирда ёшларнинг конституциявий билимларини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида ёш тарғиботчилар томонидан турли интерфаол ўйинлар ҳамда танловлар ташкил этилди.
Тадбир якунида фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
“Тарғибот поезди” вилоятдаги олий ўқув юртлари ва таълим муассасаларига боради.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири.