Тараққиётнинг равон йўллари
Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз автомобиль йўлининг 168 километри Жиззах вилояти ҳудудидан ўтган. Ушбу масофада 2011–2015 йилларда инфратузилмани, таранспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантириш давлат дастури асосида амалга оширилган кенг кўламли ишлар нафақат йўл, балки бутун ҳудуднинг қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш борасидаги ишлар натижасида 116 километрдан иборат икки полосали йўл кенгайтирилиб, тўрт полосали қилиб қайта қурилгани, бу эса ушбу йўлларда қатновни 3 баробар ошириш имконини бергани таъкидланди. Мазкур тўрт полосали йўлнинг 28 километри Жиззах вилояти ҳудудида барпо этилди.Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз автомобиль йўлининг 168 километри Жиззах вилояти ҳудудидан ўтган. Ушбу масофада 2011–2015 йилларда инфратузилмани, таранспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантириш давлат дастури асосида амалга оширилган кенг кўламли ишлар нафақат йўл, балки бутун ҳудуднинг қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.
Катта-кичик довонлар, сойлар, қиялик ва кескин бурилишлар орқали ўтадиган бу йўл яқин йилларгача автомобиль энг паст тезлик билан ҳаракатланадиган масофа ҳисобланарди. Давлат дастури асосида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиши, йўл ўтказгичлар, кўприклар барпо этилиши натижасида автомашиналар ҳаракатига халақит берадиган тўсиқлар бартараф этилди.
Ўзбек миллий автомагистралининг бундай кенг ва равон ҳолга келтирилиши осон кечгани йўқ, албатта. Жаҳон автосаноат тараққиёти, автомашиналарнинг тезлиги ва оғирлигига мослаб, аввалгидек икки қатор эмас, тўрт автомобиль бемалол ҳаракатланадиган йўлни барпо этишга катта куч ва маблағ сарфланаётир. 2014 йилда автомагистралнинг вилоятдан ўтган қисмида 25 миллиард 900 миллион сўмликдан зиёд қурилиш ишлари бажарилди.
– Ўтган йили республика миллий автомагистралининг вилоят ҳудудидаги 28 километрлик масофасида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди, – дейди “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг “Жиззахавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Рустам Холиқов. – Автомагистралнинг Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган қисмида сел келиш хавфи ҳисобга олиниб, 8 киломертлик йўл ердан 87 сантиметр баланд кўтарилди. Лойиҳага мувофиқ йўлни оқова сувлардан ҳимоялаш учун қопламанинг пастки қисмига махсус дренаж қувурлар ётқизилди.
Йўл деярли бир метр қалинликдаги тош, темир-бетон, асфальт қоплама, сизот сув ўтказувчи дренажлар, пиёдалар йўлаклари ва бошқа инфратузилмалар билан барпо этилди. Тоғли ҳудуддан ўтган йўлни бир хил текисликка келтириб барпо этиш катта меҳнат ва маблағ талаб этади.
Бу ишни муваффақиятли бажаришда Президентимиз раҳнамолигида йўл қурилиши индустриясини ривожлантириш, йўл қурилиши ва ундан фойдаланиш ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор муҳим омил бўлаётир. Жумладан, 2014 йилда “Жиззахавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш бошқармаси 8 турдаги 35 замонавий техника билан таъминланди.
Мазкур йўл йирик қурилишларда катта малака орттирган, қудратли йўлсозлик техникаларига эга корхоналарнинг ҳамкорликдаги меҳнати эвазига турли русумдаги енгил ва юк автомобиллари бемалол ҳаракатланадиган замонавий автомагистралга айлантирилмоқда.
– Бугунги кунда ўзимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий машиналарни бошқараётган ёшлар бу йўлларнинг аввалги ҳолатини мутлақо билмайди, – дейди Бахмал тумани Қора қишлоғида яшовчи 80 ёшли Жуман ота Нуримов. – Бутун умрини шу соҳада меҳнат қилиш билан ўтказган одам сифатида шуни айтаманки, бундай улкан бунёдкорлик ишларини аввал тасаввуримга ҳам сиғдира олмас эдим. Дунёнинг кўплаб мамлакатларини боғлайдиган биргина ушбу йўлда амалга оширилган ишлар мустақил Ватанимиз қудрати, халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намоёнидир.
Бу ишлар нафақат йўлнинг янгиланиши, балки йўл инфратузилмаси барпо этилиши, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Замонавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган сервис хизмати кўрсатиш иншоотларида йўловчилар, автотранспорт воситаларига сафар давомида зурур бўладиган барча хизматлар кўрсатилмоқда. Кейинги беш йилда Ўзбекистон миллий автомагистралининг вилоят ҳудудидан ўтган қисми бўйлаб, махсус лойиҳа асосида автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, авария- чақирув, тиббий ҳамда техник хизмат кўрсатиш пунктларининг барпо этилгани йўловчиларга катта қулайлик яратаётир.
Айни пайтда маҳаллий автомобиль йўлларида ҳам катта ҳажмда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётир. Ўтган йили манзилли дастур асосида 196 километр маҳаллий йўлда таъмирлаш ишлари бажарилди.
Бу борадаги ишлар 2015 йилда ҳам изчил давом эттирилиб, юртимиз ободлигининг муҳим белгиси бўлган йўлларимиз тобора соз ва равон бўлиб бораётир.