Тараққиёт ва адолат қомуси
Конституциямиз – халқнинг эркинлик сари босиб ўтган узоқ йўли, изланишлари инъикоси.
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Конституциямиз – халқнинг эркинлик сари босиб ўтган узоқ йўли, изланишлари инъикоси. Авваламбор, конституциявий бинони қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилганини қайд этамиз.
Бош қомусимизда бугунги кунгина эмас, балки халқимизнинг тарихий илдизлари, мустақил давлат ҳақидаги асрий орзулари мужассам.
Гарчи давлатчилигимиз тарихида бошқарувнинг асосий мақсадини ўзида акс эттирган қомусий ҳужжатлар мавжуд бўлган. Жумладан, “Темур тузуклари” конституциявий ҳужжат ҳисобланган. Бу асос шариат қонунлари ва Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
Конституция лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук маъноларида келади. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
Бош қомусимиз яратилишига ҳаракат мамлакатимиз мустақилликка эришмасданоқ бошланган. Яъни, 1990 йил 21 июнда Олий Кенгаш қарори билан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилиб, Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан икки йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.
Илк лойиҳа матбуотда эълон қилинганида халқимиз томонидан олти мингдан зиёд таклиф билдирилган ва улардан ўринли фойдаланилган. Бош қомусимиз яралишида жаҳон тажрибасидан ҳам кенг фойдаланилганини таъкидлаш жоиз.
Конституциянинг ҳар бир моддаси миллионлаб фуқаролар тақдирига дахлдор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида шундай таъкидлади: “Мамлакатимиз босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳиятидан далолат беради. Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда”.
Бинобарин, Конституциямиз – халқимиз учун адолат қомусидир.
Конституциямизнинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий механизмни ташкил этди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда Конституция нормаларига мувофиқ кодекслар, кўплаб қонунлар, қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди, шунингдек, кўп томонлама халқаро шартномалар ратификация бўлди.
Конституциямизга ривожланган давлатлар илғор тажрибасидан ҳамда мавжуд муаммоли ҳолатлардан келиб чиқиб бугунги кунга қадар бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилдики, бу давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Жумладан, 2019 йил 5 мартдаги Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни билан Конституциямизга (79, 93 ва 98-моддаларига) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар Ҳукуматни шакллантириш тартибини янада демократлаштириш, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” принципининг босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг давлат бошқарувидаги ролини оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш мақсадига хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимиз жаҳонда амалдаги энг демократик қонунлардан бири бўлиб, давлатимиз ва жамиятимизнинг ривожланиши, демократик ислоҳотлар жадаллиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун барча шароитларни яратиб бермоқда.
Миркомил БОЗОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги масъул ходими.