Танзила Норбоева: ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун кенг қулайлик ва имкониятлар яратилади
Сенат ялпи мажлисида “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур масала бўйича муносабат билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева қонун ижодкорлигида ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, барча ислоҳотлар «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширилаётганини таъкидлади.
Қонун нормалари ногиронлиги бўлган шахслар билан бир қаторда, ижтимоий ҳимояга муҳтож барча аҳоли қатламларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
– Мазкур тоифадаги фуқаролар учун қатор имтиёз ва имкониятлар назарда тутилмоқда, – деди Т.Норбоева. – Бизнинг асосий мақсадимиз – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ва оилаларни фаол ҳаётга мослаштириш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур шароитларни яратишдир. Қабул қилинаётган ҳужжатлар мамлакатимизда инклюзив жамиятни ривожлантиришга хизмат қилиши лозим. Қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун янада кўплаб қулайлик ва имкониятлар яратади. Биз, халқ вакиллари сифатида, бу жараёндан четда турмасдан, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ўз ҳиссамизни қўшишини давом эттирамиз.

– Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда, - деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова. – Одил судловдан фойдаланиш учун қулай имкониятлар яратилиб, ушбу шахсларнинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда солиқ имтиёзлари берилиши, уларни ишга қабул қилган ёки уларга ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга нисбатан солиқ имтиёзлари ва давлат божи бўйича чегирмалар қўлланилиши, Ижтимоий реестр жорий этилганлиги сабабли унинг номи ўзаро мувофиқлаштирилиши, ваколатли давлат органи фуқаролик ишлари бўйича судларга киритилган ортиқча (ноқонуний) тўланган нафақаларнинг суммаларини ундириш билан боғлиқ даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлаш чораларини такомиллаштириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг ва қулай шарт-шароитлар яратиш орқали уларнинг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА