Танзила Норбоева: Ижтимоий ҳимояга ажратилаётган маблағлар, имтиёзлар, хизматлар ҳақиқий эгасига етиб бориши шарт
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, ушбу соҳани ягона тизимга бирлаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ижтимоий ёрдам ва хизмат турлари янада кенгайди ҳамда хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун билан шу йўналишдаги ишлар янада такомиллаштирилмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева қонун бўйича муносабат билдириб, мазкур долзарб қонун Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган “Ўзбекистон – ижтимоий давлат”, деган тамойилга мувофиқ эканини қайд этди. Энг муҳими, қонунни амалиётга тўлақонли жорий этишдир. Ҳақиқатан, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар билан ишлаш илгари замонавий стандартлар асосида ташкил қилинмаган эди. Президентимизнинг оқилона сиёсати туфайли бугунги кунда инсон қадри муҳим тамойилга айланди. Шунинг учун ҳам бу қонун билан ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар, оилаларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга манзилли, сифатли ёрдам кўрсатиш имконияти яратилади.

Қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова ижтимоий иш тиббиёт, таълим, ижтимоий ҳимоя, бандлик, суд ва ҳуқуқ-тартибот, жазони ижро этиш соҳаларида ташкил этилишини қайд этди. Ижтимоий иш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги белгиланмоқда.
Қонунда Вазирлар Маҳкамасининг, республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ижтимоий иш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларнинг ижтимоий иш соҳасидаги фаолиятда иштирок этиши мустаҳкамланмоқда.
Қонунда ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам турлари, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш жойлари, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатувчи субъектлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) деб топиш, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда тугатиш асослари, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштириш манбалари, ижтимоий ходимнинг мақоми, ижтимоий муҳофазаси, фаолиятига доир чекловлар каби муҳим масалалар ўз аксини топган.

Сенат Раиси ҳар бир шахснинг аниқ вазиятига мос, индивидуал ва, албатта, натижага йўналтирилган ёрдам ташкил қилиниши қонун билан белгилаб қўйилганига эътибор қаратди.
– Ижтимоий ҳимояга жуда катта маблағлар ажратилади, – деди Танзила Норбоева. – Бу маблағлар, айниқса, берилаётган имтиёзлар, хизматлар ўзининг ҳақиқий эгасига етиб бориши шарт. Асосий вазифамиз – қонунни фақат маъқуллаш эмас, балки ижроси тўғри, самарали ташкил қилиниши эътибор марказида бўлиши. Бу борада фаолият юритаётган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига яқиндан ёрдам бериш керак. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа иштирокчилар ҳамкорлиги кучайтирилади. Қонуннинг амалиётга татбиқ қилинишида таъсирчан парламент ва депутатлик назорати олиб борилади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ижтимоий иш соҳасидаги муносабатларнинг тартибга солиниши, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими яратилиши ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА