Танловнинг биринчи ўрин ғолиби – “Insard Architects” архитектура бюроси
Халқаро медиа-холлда бўлиб ўтган навбатдаги тадбир “Юксалиш” ҳаракати эълон қилган танловлар ғолибларини тақдирлашга бағишланди.
Жамоат ва давлат арбоблари, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирдан кўзланган мақсад пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Ал-Хоразмий майдонини қайта тиклаш бўйича ёш архитектор-дизайнерлар учун танлов ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган #MenUchunQadrli флешмоб-танлови ғолибларини тақдирлашга қаратилди.


Айтиш жоизки, “Юксалиш” умумиллий ҳаракати ўз фаолиятида аҳоли билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш, шу жумладан, жамоатчиликни турли даражадаги қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб қилиш, жамият ва давлатни янада ривожлантириш ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Бунда биргина“Шаҳарсозлик тўлқини” ташаббуси мисол бўлади.
“Юксалиш” умумиллий ҳаракати бўлим бошлиғи Амирбек Нарзуллаев бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди.


– Ушбу ташаббус маҳаллий архитектор ва лойиҳачилар бирлашмаси бўлиб, ташаббуснинг мақсади ёш архитектор мутахассисларининг фикрини, соҳага тегишли ислоҳотларини илгари суриш ва илғор ғоялар, лойиҳаларни тарғиб қилишдир, – деди А. Нарзуллаев.
– “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати маҳаллий архитектор-лойиҳаловчилар рўйхатдан ўтиши учун очиқ платформани ҳам ишга туширган. Жорий йилнинг 20 апрель кунида Халқаро ёдгорликлар ва обидалар кунига бағишлаб ижтимоий тармоқларда флешмоб эълон қилинди. Флешмобга қўшилиш учун ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз саҳифаларида #ShaharsozlikTolqini #ГрадостроительнаяВолна хештегларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг обидалари, тарихий бинолари муҳрланган сурат/видеоларни жойлаштириши лозим эди.


Ўзига хос “челленж” доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 60 дан зиёд тарихий объектлар тақдим этилди. Махсус шакллантирилган ҳайъат келажак лойиҳалар учун манзил бўла оладиган 3 та объектни танлаб олди. Булар – Тошкент шаҳридаги Ал-Хоразмий майдони, Самарқанд шаҳридаги чашма, Навоий вилояти Кармана туманидаги Мирзачорбоғ саройидир. Ободонлаштириш учун биринчи манзил сифатида пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Ал-Хоразмий майдони танланди.
Тадбирда қайд этилганидек, шу йилнинг 4 июнь куни “Юксалиш” УМҲ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги жамоатчилик кенгаши ва Ўзбекистон экологик қурилиш кенгаши билан биргаликда Хоразмий майдонини реконструкция қилиш бўйича ёш архитектор-дизайнерлар учун танлов эълон қилинди. Иштирокчилардан майдоннинг ўзига хослигини ва экинларини сақлаб қолган ҳолда ландшафт дизайни концепциясини таклиф қилиш талаб этилган эди.


Танлов натижаларига кўра, Тошкентдаги Ал-Хоразмий майдонини қайта тиклаш учун ўтказилган танловда “Insard Architects” архитектура бюроси биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин “МАДО” архитекторлар гуруҳига ( 3 миллион сўм) насиб этган бўлса, Миракбар Жўраев эса 3-ўринни эгаллади. Ғолибларга сертификат ва пул мукофотлари топширилди.
– Тошкентдаги Ал-Хоразмий майдонини қайта тиклаш учун ўтказилган танловда биринчи ўрин ғолиби бўлдик, – деди“Insard Architects” архитектура бюроси архитектори Шахзод Носиров.

– Уч кишидан иборарт гуруҳ мазкур лойиҳа устида иш олиб борди. Лойиҳа талабига кўра, биз замонавий кўринишга эга бўлган майдон ва унда барча қулайликлар жамланган бўлиши керак эди. Айнан шу талаблар бўйича биз лойиҳамизни тақдим этдик. Меҳнатимиз зое кетмади.Ғолибликни қўлга киритдик ва бу биз учун катта куч бағишлайди.
Маросимда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган #MenUchunQadrli флешмоб-танлови ғолиблари ҳам тақдирланди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА