Танловлар ғолиблари аниқланди
Андижон туманида "Йил аёли" ҳамда "Гендер тенглиги фаоли" миллий танловининг туман босқичи ғолиблари тақдирланди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Йил аёли” ва “Гендер тенглиги фаоли” танловлари ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
- Юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада, фарзанд тарбиясида, жамоат ишларида намуна бўлиб келаётган, шунингдек, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган, ўзи фаолият олиб бораётган ташкилот нуфузини оширишда фаол қатнашаётган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ҳамда мазкур йўналишдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ўтказилган танловларда 10 нафардан ортиқ аёллар иштирок этиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказди, - дейди Андижон тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Замирахон Абдураҳимова. – Иштирокчилар белгилан шартлар асосида ўзларининг етакчилик қобилиятларини намойиш этди.
Қатнашчиларнинг чиқишлари, улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди. Якуний натижаларга кўра, “Йил аёли” танловида тумандаги “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Нигорахон Нурғунова, “Гендер тенглиги фаоли” танловида эса Халқ банки туман бўлими бошқарувчиси Зиёдахон Халилова ғолиб деб топилиб, танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
ЎзА мухбири