Танлов ғолиби Туркияга саёҳатга боради
Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Марҳамат тумани ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 69 йиллигига бағишланиб, “Муҳаммад Юсуфга ўхшаш чеҳралар” деб номланган танлов ўтказилди.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф бугун орамизда йўқ бўлса-да, унинг номи, ижодини тарғиб этиш, асарларининг мазмун-моҳияти, жозибасини ҳамюртларимиз қалбига жо этиш баробарида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар шоир асарларининг янги-янги қирраларини очмоқда, унинг ижоди билимдонларини кашф этмоқда. Шоир шеърларини ифодали ва чиройли ўқиш, унинг ўзига хос жиҳатларини кўрсата олиш бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган видеороликлар танлови ҳам ана шундай танловлардан бири бўлди.
Танловда нафақат Андижон, балки қўшни Фарғона, Наманган ва республикамизнинг бошқа вилоятларида яшовчи ижодкор ёшлар, ўқувчилар томонидан 6 мингга яқин видеороликлар тақдим этилди. Онлайн овоз бериш орқали уларнинг энг яхшилари саралаб олинди. Танловнинг якуний натижаларига кўра, 1- ўринга сазовор бўлган Олтинкўл туманидаги 2- умумтаълим мактаби ўқувчиси Х. Ҳакимов танлов ташкилотчилари томонидан Туркия давлатига саёҳат йўлланмасини қўлга киритди.
Танловда иккинчи ўрин Балиқчи туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси М.Абдувалиевга, учинчи ўрин эса Андижон туманидаги 33-умумтаълим мактаби ўқувчиси И.Козимжоновга насиб этди. Ижодкор ёшлар, китобхонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Марҳамат туманидаги “Келажак нури” кутубхонасида танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сўз олган Андижон вилояти ҳокимлиги котибият мудири Элёрбек Холмирзаев, Марҳамат тумани ҳокими Бобуржон Юлдашев, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Расулжон Каримов танлов ғолибларини муборакбод этди. Шоир ижоди ёшларни ҳамиша эзгуликка, илм олишга, Ватанни ардоқлашга илҳомлантириши таъкидланди.
[gallery-11605]
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА