Таниқли санъаткор ҳарбийлар ҳузуруда
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Нукус гарнизонидаги Маънавият ва маърифат марказида кулги устаси, халқимизнинг таниқли санъаткори Валижон Шамшиевнинг “Янгисидан бор” номли концерт дастури бўлиб ўтди.
Инсон қалбига қувонч улашиш, ҳаёт ташвишларидан бир лаҳза бўлса- да чалғитиш, табассум орқали руҳий енгиллик бахш этиш - санъатнинг энг олий вазифаларидан биридир.
Мазкур концерт кечаси ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун чинакам байрамга айланди. Концерт дастурига йиғилган томошабинлар юзидаги қувонч, кўзларидаги интиқлик ва кайфият тинчлигимиз шукронасини намоён этди.

Концерт дастури бошидан охиригача жонли, қувноқ ва мазмунли, ўткир ҳажвий чиқишлари, ҳаётдан олган образлари ва халқона иборалари, ҳарбийлар ҳаёти, оилавий муносабатлар, кундалик турмушдаги қизиқарли ҳолатлар ўзига хос услубда талқин этилди. Ҳар бир ҳазил, ҳар бир саҳна кўриниши томошабинлар қалбида акс садо бериб, залда қарсак ва кулгулар янгради.
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг турмуш тарзига бағишланган саҳна чиқишлари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Бу эса санъаткорнинг аудиторияни чуқур ҳис этиши, уларнинг ҳаётига бефарқ эмаслигини кўрсатди. Кулгулар замирида ҳаётий ҳақиқатлар, самимий меҳр ва инсоний қадриятлар мужассам бўлиб, концерт нафақат кўнгилочар, балки тарбиявий аҳамиятга ҳам эга бўлди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар ўз оилалари билан мароқли дам олишди, кундалик хизматнинг масъулияти ва жиддийлигидан бироз бўлса да чалғиб, руҳий ҳордиқ чиқаришди. Бундай маданий тадбирлар ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, уларнинг маънавий оламини бойитиш, хизмат самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатишда муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган бундай шароитлар, уларнинг ижтимоий ва маънавий қўллаб-қувватланиши давлатимиз томонидан инсон омилига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири