“Таллимаржон” сув омборида балиқлар нега нобуд бўлди?
Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги "Таллимаржон" сув омбори қирғоқларида балиқлар нобуд бўлгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Қайд этилишича, нобуд бўлган балиқларнинг асосий қисмини карас (товонбалиқ), шунингдек, улар орасида сазан ҳам бўлган. Ўз навбатида бу лавҳа жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди. Боз устига сув омборнинг бир қисми ичимлик суви сифатида ҳам фойдаланилиши хавотирларни янада оширди.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА мухбири воқеа тасвирга олинган манзилда бўлди ва журналистик суриштирув олиб борди.

Катта кенгликда мавжланиб турган сув омбори сокин. Қирғоқларда ҳаваскор балиқчилар қармоқлар ёрдамида балиқ овлаяпти. Сув омборнинг чуқур жойларида катерлар ёрдамида ҳам балиқ овланаётган жараённи кузатиш мумкин. Тармоқларда тарқалган видеолавҳада кўрсатилган жойни кўздан кечирдик, аммо қирғоқлар аллақачон тозалаб кетилган.

Ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида масъулларни воқеа жойига чақирдик. Нишон туман экология ва иқлим ўзгаришлари бўлими бошлиғи Шерзод Саломов видеолавҳадаги манзарани инкор этмади.

– Ҳақиқатдан, жорий йил 14 октябрь санасида вилоят овчилар ва балиқчилар спорт бирлашмаси томонидан бўлимимизга телефон орқали бир гуруҳ балиқчилар томонидан “Таллимаржон” сув омборида балиқлар ўлаётгани хусусидаги видео тарқатилгани ҳақида хабар келиб тушди, – дейди Ш.Саломов. – Видеотасвирни ташлаб беришди. Ушбу ҳолат бўйича шу куннинг ўзида сув омбор ҳудудига келдик. Чап ва ўнг қирғоқ бўйлаб ўрганишларни олиб бордик. Лавҳа олинган жойни ҳам кўздан кечирдик. Ҳолат жойида балиқларнинг тангачалари борлигини, аммо видеотасвирдаги ўлиб ётган балиқларни кўрмадик. Бир неча йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, агар балиқлар сувда заҳарланиш натижасида нобуд бўлса, бир жойда тўпланиб ётмайди, ёйилиб ётади ва у ҳолатда нобуд бўлиш миқдори кун сайин кўпаяди. Айтиш керакки, сув омбори ҳудуди тадбиркорлик субъектларига ижарага берилган. Улар балиқ маҳсулотларини овлаб, аҳолига етказиб бериш, мавсумда балиқ чавоқларини ташлаш, кўпайтириш каби фаолият билан шуғулланади. Биз уларнинг фаолиятига тўғридан-тўғри аралаша олмаймиз. Бу бўйича Президентимизнинг тегишли фармони бор. Мавжуд ҳолат бўйича юқори турувчи ташкилотларга хабар ва ёзма равишда хат берганмиз. Белгиланган тартибда текширишга қонуний тартибда рухсат берилса, ҳолат ўрганилади ва бу бўйича кейинчалик батафсил маълумот беришимиз мумкин.

– Демак, воқеа қандай юз бергани ҳақида сизларда маълумот йўқ, сўраймиз ундан.
– Балиқни қандай ташланганлиги, қандай нобуд бўлгани, ўлган балиқлар қачон ва қандай тартибда йиғиштириб олиб кетилганлиги хусусида ҳозирча бизда аниқ маълумотлар йўқ. Юқорида айтганим каби, ҳолат юзасидан дастлабки суриштирувлар қилинган ва тегишли ташкилот ҳамда органларга маълумот ва видеотасвирлар тақдим этилган. Текширув ва суриштирувлар тамомлангач, батафсил маълумотга эга бўламиз. Ҳозирча маълум бўлгани сув омборда балиқларнинг заҳарланиши ва ёппасига қирилиши билан боғлиқ маълумотлар қайд этилмаган. Бу бўйича ҳеч қандай хабар келиб ҳам тушмаган.

Юқоридаги каби саволлар билан “Таллимаржон” сув омбори раҳбари Бахтиёр Нурматовга ҳам мурожаат қилдик.
– Сув омборимизда ҳозирги кунда сув сатҳи 560 миллион метр кубни ташкил қилади ва вазият барқарор. Сувнинг ҳеч қандай заҳарланиши билан боғлиқ маълумот қайд этилмади.

– Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога қандай изоҳ берасиз, сўраймиз масъулдан.
– Тармоқларда тарқалган видеони кўрганим йўқ, балки бирор-бир англашилмовчилик бўлгандир, – дея изоҳлайди Б.Нурматов. – Лекин агар сувда балиқларнинг заҳарланиши билан боғлиқ вазият юз берса, унда талафотлар жуда катта бўларди ва сув омборнинг атрофи қирилган балиқларга тўлиб кетарди. Барча нуқталаримизда вазият тинч ҳозирча.

Суриштирувни давом эттирарканмиз, видеотасвирларни олган балиқчиларни ҳам излаб кўрдик, аммо топишнинг имкони бўлмади ёки улар кўриниш беришни исташмади.
Яна бир маълумот, балиқчилар билан суҳбатлашганимизда карас(товонбалиқ) зотли балиқ қилтиғи жуда кўплиги боис харидоргир эмас, сув ҳавзаларини чавоқлантиришда асосан сазан, оқ амур ва дўнгпешона зотли балиқлардан фойдаланилади.

Нима бўлганда ҳам “Таллимаржон” сув омборида видеода тасвирланган ҳолатнинг кузатилгани факт, лекин бу қандай юз бергани, қирилган балиқлар сув омборникимиди ёки чавоқ ташламоқчи бўлган тадбиркорлар чавоқлантириш режасини шу йўл билан ёпмоқчи бўлганми? Бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда. Ўйлаймизки, масъуллар бунга тез кунларда аниқлик киритади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири