Таълимдаги узвийлик – инсон капиталини ривожлантиришнинг муҳим шарти
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 3 октябрдаги фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида ягона Таьлим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Фармон билан жорий этилаётган ўзгаришни, назаримда, оддий ташкилий ўзгариш сифатида эмас, таълим сиёсатини ана шу яхлитлик асосида ташкил этишга қаратилган янги ёндашув сифатида баҳолаш лозим.
Фармонда мактабгача таълим ва тарбиядан бошлаб умумий ўрта, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, қўшимча ҳамда норасмий таълимгача бўлган йўналишларда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш белгиланган.
Айтиб ўтиш керакки, таълим инсон ҳаётининг муайян босқичи билан чекланмайди. Боғчада шакллана бошлаган қобилият мактабда ривожланади, касбий ёки олий таълимда муайян мутахассисликка йўналади, илм-фан ва амалиёт билан уйғунлашганда эса жамият тараққиётига хизмат қиладиган интеллектуал салоҳиятга айланади. Шу боис таълимнинг ҳар бир бўғинида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаси, аввало, уларнинг ўзаро қанчалик узвий боғланганига боғлиқ.
Фармондаги эътиборли жиҳат шундаки, таълим босқичлари шунчаки битта вазирлик тасарруфига ўтаётгани йўқ. Фармоннинг ўзида мактаб таълимини касбий ва олий таълим билан, олий таълимни эса илм-фан билан яқин интеграция қилиш мақсади алоҳида белгиланган.
Демак, боланинг боғчадан бошланган таълим йўли кейинги босқичларда узилиб қолмайдиган, ҳар бир босқич кейингиси учун мустаҳкам замин яратадиган тизимни шакллантириш асосий вазифалардан бирига айланмоқда.
Бу ёндашувнинг амалий аҳамияти катта. Мактаб қандай билим ва кўникмаларга эга битирувчини тайёрлаши кераклигини касбий ва олий таълим эҳтиёжларидан ажратган ҳолда белгилаб бўлмайди. Худди шунингдек, олий таълим дастурлари ҳам илм-фан, технология ва меҳнат бозоридаги ўзгаришлардан ортда қолмаслиги керак. Шу маънода, таълимнинг барча бўғинлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш охир-оқибат битирувчининг сифатида намоён бўлади.
Ислоҳотнинг яна бир муҳим жиҳати – таълимни меҳнат бозори ва жамият эҳтиёжларига яқинлаштириш. Олий таълимда давлат аралашувини қисқартириш, олийгоҳлар мустақиллигини кенгайтириш, нодавлат сектор учун имкониятлар яратиш ва соғлом рақобатни кучайтиришга қаратилган ёндашувлар ҳам айнан сифатни рағбатлантирувчи муҳитни шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Президент Администрацияси ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегияси бўйича умуммиллий концепцияни ишлаб чиқадиган махсус ишчи гуруҳ ташкил этилаётгани, унга соҳа мутахассислари, олимлар, тадбиркорлар ва халқаро экспертлар жалб қилиниши ҳам ислоҳотга кенгроқ ёндашилаётганини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, янги вазирликнинг ташкил этилиши идораларни бирлаштиришдан кўра кенгроқ мазмунга эга. Гап таълимнинг турли босқичларини ягона стратегик мақсад атрофида бирлаштириш, бошқарувни натижага йўналтириш ва инсон капиталини ривожлантиришнинг узлуксиз механизмини яратиш ҳақида бормоқда. Фармонда янги вазирлик фаолиятини айнан натижадорликка йўналтирилган ва самарали бошқарув тамойиллари асосида ташкил этиш вазифаси қўйилгани ҳам бунинг тасдиғидир.
Зеро, таълимдаги ҳақиқий узвийлик – боғчада бошланган тарбиянинг мактабда билимга, касбий ва олий таълимда малакага, илм-фанда янги ғояга, иқтисодиётда эса амалий натижага айланишидир. Ана шундай яхлит тизимгина замонавий билимга эга, мустақил фикрлайдиган ва рақобатбардош инсон капиталини шакллантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА